3:29

Ўғиллар улғайганда

MP3

Ассалому алайкум. Фарзандларимиз келажагимиз давомчиси деб бежизга айтилмайди. Чиндан ҳам келажагимиз бу бизнинг фарзандларимиздир. Бироқ келажагимизнинг қандай бўлиши бизга боғлиқ. Келажагимиз қандай бўлади, соф, баркамол ва шодликка тўла бўладими, ёки ёлғонларга, муаммоларга ёки кўз ёшига тўла бўладими, бу бутунлай бизга боғлиқ. Агар фикрингизга қўшилмайман, десангиз, суҳбатимизни охиригача эшитинг. Фарзанд туғилганидан бошлаб, унинг кўзи, қулоғи, диққати бизда бўлади. Бизнинг яшаш тарзимиздан унинг характери, қилиқлари шаклланади. Агар ота-она художўй бўлса, ҳар қадамини ўйлаб, Худога маъқул келадими-йўқми, деб босса, болалар бундан ўрнак олишади. Бу болаларга берадиган биринчи сабоғингиз бўлади. Сизнинг яшаш тарзингиз болангизнинг келажакдаги яшаш тарзини белгилайди.

Ундан кейин эса болага ёшлигиданоқ, Худонинг каломида ёзилганларини ўргатиб бориш лозим. Ҳар сафар унинг бир камчилигини тузатар экансиз, Худонинг Каломига боғлаб, тушунтиринг. Кейинги сафар ундай қилмасликка огоҳлантиринг. Нима тўғри, нима нотўғри экани ҳақида суҳбатлашинг. Кун давомида мактабда нималар қилганини, ўша қилганлари орасида нима тўғри бўлди-ю, нима нотўғри бўлди, у билан муҳокама қилинг. Шу орқали сиз болангизга керакли эътиборни, муҳаббатни ва тарбияни берасиз. Болангиз эса сизнинг муҳаббатингиз ва эътиборингиздан қониқиш ҳосил қилади. Болалар катта бўлишганида ҳам сизнинг йўл-йўриғингизга муҳтож бўлишади.

Энди бўлди, тарбия қилиб бўлдим, буюғи ўзларига ҳавола, дея ишларига бепарво бўлманг. Тез-тез унга йўл-йўриқ кўрсатиб туринг.

Сиз мавзумизни яхшироқ тушуниб олишингиз учун ҳаётда бўлган бир воқеани ҳикоя қилиб берсам. Бир аёл ўғли шанба кунлари жисмоний тарбия дарсига бормаётганини сезиб қолибди. Ўғлига гапиришдан олдин Худога ибодат қилиб: «Ўғлимга гапиришим учун донолик бер», — деб сўрабди. Кейинги куни эса ўғли билан нега жисмоний тарбия дарсига бормаётганини сўрабди. Ўғли шу дарс ўрнига ишга эртароқ бориб, ишлаб, кўпроқ пул топганим яхши-ку, дея жавоб берибди. Агар тарбия томонига эътибор қилмасангиз, йигитнинг фикри ёмон эмас. Онаси қийналиб пул топаяпти. У ҳам ўқишдан бўш пайтларида, онасига ёрдамлашса, бунинг нимаси ёмон. Баракалла дейишингиз мумкин. Бироқ бу нарса йигитнинг онасига ёқмабди.

У ёлғон ишлатиб топилган пулинг, рўзғоримизга буюрмайди. Бу билан Худони ҳам алдаяпсан. Гуноҳ қилаяпсан. Нимаики қилсанг, тўғри йўл билан қилгин. Мен сени дарсингга бор деб мажбурламайман, аммо нима қилиш кераклигини айтдим. Қайси йўлни танласанг ҳам, ўзингга ҳавола, гуноҳи ҳам савоби ҳам сенинг бўйнингда, — дебди. Икки кун ўғли билан бу ҳақида суҳбатлашмабди. Учинчи куни ўғли онасига қўнғироқ қилибди. Гап орасида бугун жисмоний тарбия дарсидан қолмаганини, дарсдан сўнг ишга боришини айтибди. Суҳбат охирида эса: «Бугун уйга кечроқ борсам керак, ишларимни тугатиб қўйишим керак», — дея ойисини огоҳлантириб қўйибди. Онанинг ўша пайтдаги ҳолатини тасаввур қила оласизми? Боласи унинг берган тарбиясини оқлаётган эди. Бир зумда, ўғилнинг биргина тўғри босилган қадами билан онанинг йиллар давомида чеккан азоблари унут бўлиб кетди. Болалар бизнинг тарбиямизга муносиб тарзда ҳаёт кечирсалар, тарбия бериш чоғида қийналганларимиз унутилади. Ўша онда бу қийинчиликлар ширин мева каби ўзимизга қайтади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top