Ассалому алайкум. Бу воқеа Узоқ Шарқда бундан 20 йиллар олдин содир бўлган эди. Бу воқеани бир танишимдан эшитгандим. Бу чиндан ҳам бўлган воқеа. Бу воқеанинг қаҳрамони Абдул исмли киши. Менимча у ҳали ҳам ҳаёт бўлса керак. Абдул олти фарзанднинг отаси. Қариндошларининг ичида энг камбағали эди. Болаларини боқиш учун қанчалик тер тўкиб ишламасин, ҳеч бири икки бўлмасди. Болалари билан бирга далага чиқишар эрта баҳордан то кеч кузгача тиним билишмасди. Шунда ҳам ер эгаси кўтарилган бор хирмонни таг-туги билан олиб қўярди. Абдулга эса бор йўғи бир неча ойга етадиган озуқа қолдирарди. Бу билан қишдан чиқиб бўлармиди. Ўзининг ери бўлмагандан кейин аҳвол шу-да. Бошқа ёлланма деҳқонларда ҳам аҳвол шу. У бир куни чидай олмай ўғирлик қилиб қўйди. Уни 8 йилга озодликдан маҳрум қилишди.
Қамоқда кунлар жуда секин ўтар, болаларини соғиниб касал бўлиб қолишига оз қолди. Негадир болалари келишмаяпти. Ёки киргизишмаяптимикан. Зерикиб ўтирган кунларнинг бирида қўшни камерадан бир маҳбуснинг овози эшитилди. У жон дили билан қандайдир қўшиқ куйларди. Яхшилаб қулоқ солди. Худо хақида экан. Ҳамма сўзларини аниқ эшитолмади-ю, лекин Худони улуғлаб қўшиқ айтаётгани аён эди. «Жинни бўлиб қолган бўлса керак», — деб ўйлади Абдул. «Фақат ақлдан озганларгина қамоқда қўшиқ айтиши мумкин. Бундай аҳволда қўшиқ куйлаб бўладими?»
Кейинги куни ҳам, ундан кейинги куни ҳам деярли ҳар куни қўшиқ эшитиларди. Абдулнинг қиладиган бошқа иши бўлмаса, ўша одамнинг қўшиғини тинглаб ётаверди. Аста секин ўзи ҳам мана шу қўшиқни ёдлаб олди.
Бу қўшиқнинг маъносига унчалик тушунмасада, қўшни махбусга қўшилиб айта бошлади. Эртаси куни эса негадир қўшиқ эшитилмади. Абдул тинчликмикан, дея ҳавотирга тушди. Деворга қулоғини қўйиб, у томонда нималар бўлаётганини билишга интилди. Ҳеч нарсани англаёлмади. Фақат махбуснинг оғир-оғир нафас олаётгани эшитиларди. «Касал бўлиб қолган бўлса керак», — деб ўйлади Абдул. Бир икки кундан кейин заифгина овоз эшитилди. Абдул яна қулоғини деворга қўйди. У томондаги махбус ожизгина товушда ниманидир айтаётганди. У томондан элас-элас мана бу сўзлар қулоғига чалинди:
«Эй Худованд, менинг суянган қоям! Сени чақираман, мени эшитмай қолмагин! Мен Сенга ёлвориб фиғон қилсам, Муқаддас маконинг томон қўлларим чўзсам, муножотимга қулоқ солгин!»(Заб 27:1-2) «Бир бечора художўй экан, нега қамоққа тушди экан», — деб ўйлади. Қўшни маҳбус жимиб қолди.
Абдул эса бу сирли маҳбус билан танишмоқчи бўлиб, деворни астагина тақиллатди. У томондан жавоб бўлмади. У яна тақиллатди. Кейин секингина тақиллаган овоз келди. «Исминг нима»- биринчи сўз бошлади Абдул. «Карим», — деди қўшни маҳбус заиф бир овозда. «Мен неча кундан буён сенинг қўшиғингни тинглаяпман. Ҳатто ўрганиб ҳам олдим. Сени нега қамашди?» «Масиҳий бўлганим учун» — деди қўшни маҳбус. «Сен Инжил ўқийсанми?» «Ҳа.» «Ҳозирги айтганларинг сенинг китобингданми?» «Ҳа, Забурдан.» «Менга қара кел ҳаётларимиз ҳақида гаплашиб ўтирамиз, шунда зерикмаймиз ҳам.» «Майли». Шундай қилиб Абдул қўшни махбус билан ҳар куни сўзлашадиган бўлди. Ҳар иккиси бир-бирларини кўрмасалар-да, суҳбатлари жонли кечарди. Азизлар бу гувоҳликнинг охири қандай тугаганини билмоқчи бўлсангиз кейинги суҳбатларимизни ҳам тинглаб боринг.