3:29

Имон бугун билан яшайди

MP3

«Сизларга ростини айтайин: Менга ишонган киши Мен қилаётган ишларни ўзи қилади ва ҳатто бундан каттароғини ҳам қилади. Зеро Мен Отамнинг олдига кетаяпман. Менинг номимдан Отадан нимаики сўрасангизлар, уни бажо келтираман, токи Ота Ўз Ўғли орқали улуғлансин. Ҳа, Менинг номим учун нима сўрасангизлар, Мен уни бажо келтираман.» (Юҳ 14:12-14) Исо Масиҳ ибодат қилиш ҳақида жуда ажойиб ваъда берган. Худо ибодатимизга жавоб бериши ҳақидаги энг ажойиб ваъда бу. Исога бўлган ишонч билан биз нафақат руҳий муҳтожликларимизга, балки жисмоний хоҳишларимизга ҳам жавоб топамиз. Имон бугун билан яшайди. Эртани ўйламайди.

Имон ҳамма қўрқувларни, ҳавотирларни эртага қолдириб, бугун билан яшайди ва қалбимиз ва онгимизга тинчлик олиб келади. Ишаё пайғамбар ҳам шундай деганди: «Сенга ишонган одамни сен мутлақ тинчликда сақлайсан» (Ишаё 26:3).

Биз ҳар куни: «Бизнинг кунлик ризқимизни бергин», деб ибодат қилганимизда, эртани ўйламаймиз. Бугун учун ибодат қиламиз. Бугун учун ибодат қилиш бу энг кучли ибодатдир. Ҳақиқий ибодат бугунги муҳтожликлар, қийинчиликлар ва синовлар пайтида туғилган ибодатдир. Чунки улар кучли ўтинч билан сўралади. Биз бугунги нарсалар учун Худога ишонишимиз ва эртани Унинг қўлига топширишимиз керак. Бугунимиз бизники, эрта эса Худога тегишли. Ибодат бу ҳар бир янги куннинг топшириғи.

Биз ҳар куни янги кунимиздаги муҳтожликларимиз учун ибодат қилишимиз керак. Ҳар куни нон ейишимиз керак бўлганидай, ибодат қилишимиз ҳам керак. Ҳали бошингизга тушмаган ташвишлар учун кучли ва катта муҳтожлик билан ибодат қила оласизми? Асло йўқ. Ҳали етиб келмаган ризқингиз учун куйиниб ибодат қиласизми? Матто 6:34 шундай дейди: «Бинобарин эртанги кун ҳақида ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар».

Биз ҳар сафар кундалик ташвишлар, ризқ-рўзимиз учун ибодат қилар эканмиз, имон билан қилинган илтижоимиз аниқ бўлиши керак. Агар бирор нарса ҳақида аниқ илтижо қилсак, унинг жавоби ҳам аниқ бўлади. Худо кундалик муҳтожликларимизнинг катта ёки кичиклигига қарамайди. Бизга бугун туз керакми, Худо албатта туз беради. Нон керакми, нон беради.

Исо шундай деган эди: «Ибодатда нимаики сўрасангизлар, олишингизга ишонинг ва эришасизлар» (Марк 11:24). Бу жуда муҳим ваъда. Бугунги муҳтожлигингиз учун имон билан ибодат қилсангиз, Худо албатта илтижоингизга жавоб беради. Бир сафар кутилмаганда меҳмон келадиган бўлиб қолди. Пулимиз кўп эмас, аммо меҳмонни рисоладагидек қилиб кутиб олиш керак. Дарҳол ўтириб, Худога илтижо қилдим. Ўша кун мен кутгандан ҳам яхши ўтди. Худо мен кутгандан ҳам яхшироқ ишлади. Меҳмонлар ҳам хурсанд бўлишди, биз ҳам. Бундай кунлар Худонинг ажойиб жавоблари сизнинг ҳаётингизда ҳам кўп бўлган. Ҳар куни ўзимиз кутмаган муаммоларга дуч келамиз ва дарҳол Худога юзланамиз. Мана шу муаммолар учун ечим сўраймиз. У ҳар доимгидай бизга аъло даражада жавоб беради. Агар Худо сизнинг ҳаётингизда қандай ишлаганини бўлишмоқчи бўлсангиз, бизнинг www.najot.com ёки dilkash@najot.com сайтимизга киринг ва биз билан ўртоқлашинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top