3:39

Яҳё нега шубҳаланди?

MP3

Ассалому алайкум. Аввалги суҳбатимизда айтганимиздек, Яҳё Исо Масиҳдан олдин пайдо бўлиб, Осмон Шоҳлигига йўл тайёрлаш учун, аниқроғи, одамлар юрагини Масиҳ учун тайёрлашга келган эди. Бу хизмат унга Худо томонидан берилганлигини, Масиҳнинг кимлигини, уни чўмдираётганида ҳам, ундан олдин ҳам биларди. Ундан олдин деганимизга сабаб, улар иккиси қариндош бўлишган. Ëдингиздами, Марям хомиладор бўлгач, қариндоши Елисаветанинг уйига борди ва у ера уч ойча яшаб, ўз уйига қайтиб келди. Шунга кўра, биз у иккисини қариндош бўлган, дейишимиз мумкин. Яҳудо Исони болалигиданоқ таниган ва унинг келиши кутилаётган Масиҳ эканлигини эшитган бўлиши керак. Чунки оналари бу ҳақида билишарди. Яҳё ўз вазифасини тугатгач, ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳибсга олинди.

Шу пайтларда у ўз шогирдларини Исо Масиҳнинг олдига юборди. Нега ундай қилди? Келинг, бу ҳақида Каломдан ўқиймиз: «Яҳёнинг шогирдлари бу бўлиб ўтган воқеалар ҳақида устозларига хабар беришди. Шунда Яҳё шогирдларидан иккитасини чақириб: «Келадиган Қутқарувчи Сенмисан, ёки биз бошқасини кутайликми?» — деб сўраш учун уларни Исонинг олдига юборди.» (Лука 7:18-19) Жуда қизиқ. Яҳё Исо Масиҳни сувга чўмдиришидан олдин аниқ ишонч билан: «Мен сизларни сувгагина чўмдириб юрибман. Лекин бундан сўнг мендан қудратли Киши келмоқда, мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман. У сизларни Муқаддас Руҳга ва оташга чўмдиради» (Лука 3:16). У ҳақида бу қадар ишонч билан айтган киши наҳотки, У ҳақида шубҳага борса? Нега ундай бўлди. Сабаби, у зиндонбанд этилган эди. Фикримизча, у зиндонга тушиши мумкинлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган, аммо зиндонга тушгач, тушкунликка тушиб қолган.

Ундан ташқари Исо Масиҳ у кутганидай ҳаракат қилмаётганди. Бошқаларни тушунса бўлади. Улар Масиҳ «шоҳ бўлиб келади, бизни Рим ҳукмронлигидан қутқаради», — деб ўйлашган. Ундай бўлиб чиқмагач эса ҳафсалалари пир бўлган. Наҳотки, Яҳё ҳам унинг сиёсий Масиҳ бўлади деб ўйлаган!? Балки зиндондан қутқармагани учун шундай дегандир. У ўшанда қандай фикрлагани бизга маълум эмас, бироқ шуни биламизки, Худо Яҳё пайғамбарга Масиҳ учун йўл тайёрлаш вазифасини берган, лекин Масиҳнинг қандай бўлиши ҳақида маълумот бермаган. У ҳам бошқалар каби, Масиҳни сиёсий кучга эга бир шахс бўлиб келади, деб ўйлаган.

Ëдингиздами, Яҳё биринчи марта хизматини бошлаганида, халойиқ умидвор бўлиб Яҳёни Масиҳ эмасмикан, деб ўйлаган эди.

Яҳё ўз хизматини бошлаганида, кўпчилик Масиҳнинг келишини интизорлик билан кутар ва бизни Рим ҳукмронлиги ва зулми остидан қутқаради, бизга бошчилик қилади, деб ўйлаган. Яҳё Масиҳ ҳақида оддий одамдан салгина кўпроқ биларди-ю, аммо у ҳам Масиҳ ҳақида бошқалар каби фикрларди. Ҳибсга олиниб, Исо Масиҳ у кутганидай иш кўрмагач, шубҳага борган бўлиши табиий. Исо Масиҳ Яҳё пайғамбар ҳақида шундай деган эди: «Сизларга айтаманки, аёл зотидан туғилганлар орасида Яҳё пайғамбардан улуғроқ бирон пайғамбар йўқ» (Лука 7:28). Яҳё Масиҳнинг аслида қандай мақсад билан келганини тушуна олмаганди. Уни тушунса бўлади, ҳатто у билан бирга юрган, Уни тинглаган шогирдлари ҳам Масиҳнинг мақсадини аста-секин ва зўрға тушуниб олишган. Азизлар бу каби маълумотлар сизни қизиқтирса, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com манзилимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top