Ассалому алайкум. Оила ва санъат. Бу иккисини боғлаш унчалик осон иш эмас. Фарзандининг санъатга қизиқишини яхши қабул қиладиган ва қўллаб қувватлайдиган оилалар жуда кўп. Фарзанднинг санъатга бўлган қизиқишини тўғри қабул қилиб қўллаб-қувватлаш энг доно ота-оналарнинг иши. Аммо ҳар доим ҳам хоҳиш билан имконият тенг келавермайди. Имконият билан хоҳишнинг тенг келадиган вақтларини кутаман десангиз, фарзандингиз улғайиб қолганини сезмай қоласиз. Фарзандни мусиқий тўгаракка беришга қийналадиган ота-оналар, комьютер орқали дарс олиш йўлларини қидириши мумкин. Баъзида комьютердан дарс олиш, ўқитувчидан дарс олишданй самарали бўлмаса-да, ҳар ҳолда то имконият топилгунча шуғулланиш мумкин ва арзонга тушади. Бу бир йўли ҳолос.
Мусиқага қизиқадиган ва бирор бир асбобни чала биладиган болалар мактабда бошқа тенгдошларидан маданияти, ўзини тутиши, ўқиши билан ажралиб туради. Ундан ташқари мусиқа боланинг фикрлаш қобилиятини, руҳий босиқлигини мустаҳкамлайди. Биласизми Калифорния Университети мусиқанинг ўқишга таъсири борасида тажриба ўтказди. Бунда ўқиш даражаси ёши тенг болалар танланиб, икки гурухга ажратилди. Кейин эса бу гурухларга бир хил тест берилди. Фақат биринчи гурух ўқувчилари машхур бастакор Моцартнинг куйи остида тест ечишди. Иккинчи гурухдаги тест эса одатдагидай кечди. Баҳолар хисоблаб чиқилганда куй остида тест ечган болалар бошқа болаларга нисбатан 8-9 бал юқори баҳо олишган.
Аввалги суҳбатларимиздан бирида ота-онанинг фарзандларда китобга бўлган меҳрини уйғотиши муҳим экани ҳақида суҳбатлашгандик. Агар болангизда китобга бўлган меҳрни уйғота олсангиз, энг катта ютуққа эришган бўласиз. Китоб ўқишга қизиқадиган болаларнинг билим доираси ҳам, тасаввури ҳам кенгаяди. Билим олишга, янгиликлардан хабардор бўлишга қизиқади. Кўпинча китоб ўқишни яхши кўрадиган болалардан катта ёзувчилар чиқиши мумкин. Агар болангизда китоб ўқишга қизиқишни сезсангиз, уни ёзишга ҳам унданг. Кичик ҳикоя ёзишига туртки беринг. Унинг биринчи ҳикояси қизиқ бўлмаса ҳам, уни мақтанг ва руҳлантиринг. Бундай болага кўпроқ расмли ва болалар учун тушунарли бўлган ҳикояларни сотиб олиб беринг. Бу боланинг ёзишга бўлган иштиёқини кучайтиради.
Албатта китоб ўқишга қизиқадиган болалар мактабда ҳам яхши натижаларга эришади. Бу санъатнинг бир кўриниши ҳолос. Боланинг ҳаётида санъатнинг роли катталигини ҳамма билади. Бироқ ҳамма ҳам буни тан олиб, ҳаётида қўллайвермайди. Санъатнинг бола тарбиясида, ривожланишида қандай аҳамияти бор?
Биринчидан санъат болада тасаввурни бойитади, турли ҳолатларга мослашишни, бирор бир нарсага ўз фикрини билдиришни, бошқалар билан мулоқот қилишни ўргатади. Санъат билан шуғулланадиган болаларда ўзига бўлган ишонч, ҳурмат ортади. Боланинг қийналаётган соҳасига ёрдам беради. Заиф томонлари билан курашишга ўргатади. Санъатни ўрганиш орқали бола ҳеч қачон енгилмасликни, то бирор иш чиққунча ҳаракат қилишни ўрганади. Бу ҳаммасидан ҳам ажойиб. Агар сиз ҳам бу мавзуга қизиқсангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга киринг ва фикрларингизни биз билан бўлишинг.