Ассалому алайкум. Биз пешонамизга нима ёзилганини билмаймиз. Аммо Яратувчимиз бизнинг ўтмишимизни, бугунимизни ва келажагимизни ҳам билади. Бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади. Биз Худо билан бахслаша олмаймиз. Келинг, эътиборингизга яна бир замондошимизнинг гувоҳлигини ҳавола қилайлик.
«Ëшим 38 да. Имонга келганимга ўн йилдан ошди. Яхши эслайман, мактабни битириб, ўқишга кирдим. Ота-онамдан узоқда яшаганим учун улар менда хавотир олишарди. Бир куни ўз шаҳримдан бир йигит менга қўнғироқ қилиб, бирор жойда учрашишни таклиф қилди. Учрашдик. Маълум бўлишича, ота-онам мендан хавотир олиб, мени ўша йигит билан таништириб қўймоқчи бўлишган экан. Иккита бир ернинг одами бирга бўлса яхши бўлади,- деб ўйлашган бўлса керак.
Унинг исми Жасур эди. Бир куни Жасур мени жамоатга таклиф қилди. Мен ҳайрон бўлиб, рад жавобини бердим. Бошқа бир сафар ўқишимиздаги бир қиз менга бошқача муносабатда бўла бошлади. У менга жуда ғамхўрлик қиларди. У мени ёқтириб қолган бўлса керак, деб ўйладим. Мен ҳам ўз навбатида унга яхши гапириб, юрдим. Бир куни у менга: «Сен жуда яхши йигитсан, аммо бир камчилигинг бор», -деб қолди. Ана, энди дилидагини айтади, деб турсам, бирданига: «Сенинг камчилигинг Худони билмаслигингда», — деди. У ҳам мени жамоатга боришга таклиф қилди. Мен уни ҳам рад этдим.
Бошқа бир сафар, институтимиз ошхонасида, овқатга навбатда турганимда, бир йигит унга ҳам қўшиб овқат олишимни, навбатда туришга вақти йўқлигини айтиб, илтимос қилди. Рози бўлдим.
Кейин иккаламиз бирга овқатландик. У якшанба куни дўстлари билан йиғилишмоқчи эканлигини айтиб, мени ҳам таклиф қилди. Мен рози бўлдим. Ўша куни янги танишим билан базмга бордик. Аниқроғи, мен базм деб ўйлаган эканман. Улар ҳар якшанба куни ибодат кунини ўтказишар, у мени ҳам шунинг учун чақриган экан. Қизиғи, у мени масиҳий, деб ўйлабди. Истамасам-да охиригача ўтиришга қарор қилдим. Бир ўрта ёшлардаги киши мени чақириб, мен билан бирга ибодат қилмоқчи эканлигини айтди. Биз ўтирдик. Мен ўзимни жуда ноқулай ҳис қилардим. Ҳеч қачон ибодат қилмаган одам қандай қилиб ибодат қилиши мумкин. Ҳатто қандай бошлаш кераклигини ҳам билмасдим. У бошини эгиб, кўзларини юмиб, Худога астойдил ва чин дилдан ибодат қила кетди. Мен ҳам кўзларимни юмиб, уни тинглаб ўтирдим.
У тўхтади. Энди мен ибодат қилишим керак эди. Роса узоқ ўйладим. Охири тилимга келганини гапирдим. «Худо менга ўқиш имконини берганинг учун рахмат.» Шу сўзларни айтишим билан қалбимда қандайдир илиқлик ва ўз бошим атрофида оловли аланга турганини ҳис қилдим. Бу ҳис қилишдан ҳам кўпроқ бир нарса эди. Аниқроғи, худди рухим танамдан чиқиб, бошим устидаги оловли алангани кўриб тургандай эди. Мана шундан кейин сўзлар ўз-ўзидан қуйилиб кела бошлади. Ëтоқхонамга қайтиб, Худо хақида узоқ ўйладим. Ўшандан кейин, Худони чин дилдан қидирадиган бўлдим. Хозир орқага қараб, Худо қанчалик сабр-тоқат ва донолик билан ишлаб, мени Ўзига олиб келганини кўраман. Шундан кейин Худодаги ҳаётим силлиқ кетгани йўқ. Кўп марта адашдим, қоқилдим, аммо ҳар сафар Худо менга ёрдам қўлини чўзди. Ҳар доим Худонинг таянчини ҳис қилдим.