3:22

Озодликка эга бўлиш жойи

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар ким турли ҳолатларда Исони топади. Бу гувоҳликларнинг ҳеч бири бир-бирига ўхшамайди. Келинг, яна бир гувоҳликни эшитиб кўрамиз. Мен оилам билан жуда яхши, ҳеч муҳтожлик кўрмай ширин ҳаёт кечирардик. Аввало ҳукуматнинг катта бир органида ишладим, кейин эса савдо-сотиқ ишлари билан шуғулландим. Ўзимни туғилганимдан буён мусулмонман, деб хисоблаган бўлсам ҳам, аслида Худодан жуда олисда эдим. Юрагимдаги заруриятнинг ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса тўлдира олмади. Аллоҳни ўз кучим билан қидиришга ҳаракат қилдим: ҳар жума масжидга бордим, қурбонлик бердим, лекин буларнинг бирортаси ҳам менга қувонч бахш этмади.

Яна бир жума масжидга бориб, катта пора олишимга кўмаклашишини ва мени қамоқдан сақлаб қолишини Аллоҳдан ялиниб, ёлвориб сўрадим.

Лекин Худонинг фикри бошқача экан. Мени пора олган кунимдаёқ ҳибсга олишди. Мен тўрт йилга судланиб, шаҳар қамоқхонасида муддатимни ўтаб ётдим. Худо каромат кўрсатиб, хотинимни имонли қилди. У Худони топиб, ҳар гал мен билан учрашувга келганда, «Исо ҳалоскорим»- дейдиган бўлди. Хотинимга имонли бўлганинигн фойдаси текканини кўрсам ҳам, «Ўриснинг худоси»ни қабул қила олмайман, деб қарши чиқдим. Унинг ҳаётидаги ўзгаришларни пайқадим. Авваллари оддий кийимларга тоқат қила олмасди, ўзига оро беришни яхши кўрарди. Энди эса оддий кийиниб олган, пардоз ҳам қилмаган, энг муҳими болалигидан бошланган кашандалигини ташлабди. Хотиним бирор бир сектага берилиб кетмаганми, дея ҳавотир олдим. Уни бу йўлдан қайтариш учун ҳийла излай бошладим.

Масиҳга ишониш яхши эмас, Худо-йўқ, дин бу бор йўғи одамлар томонидан ўйлаб топилган нарса, дедим. Бироқ у мен билан талашиб тортишмади, шунчаки: «Худо сизни марҳаматласин», — деди. Мен ундан Муқаддас Китоб олиб келишини сўрадим. Унинг нотўғри йўлда юрганини исботлайдиган далиллар ахтаргим келди. У менга олиб келган Китоб юзига тавба қилиш ибодати ёзилган қоғозни ҳам қўшиб юборибди. Қамоқхонада нарсалар сақлайдиган хонанинг қоровули вазифасини бажарардим. Шу хонага кириб олиб, холис жойда бояги китобни ўқиб, ундан қарама қаршиликлар топишга ҳаракат қилдим. Аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Бироқ адашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ўқиганимда, у ерда мен ҳақимда ёзилганини англаб, қалбим тўлиб йиғлай бошладим. Кўзимдан ёш қуюлиб келгани шунчалик бўлдики, уни охиригача ўқишга ҳолим қолмади.

Нима қилишим керак? Шу онда кўзимга тавба қилиш ибодати ёзилган қоғоз тушди. Қоғозда менинг катта гуноҳкор эканлигим ҳақида, шунингдек, шу гуноҳларим учун Исонинг ҳочдаги ўлими ҳақида ёзилган эди. Шуни ўқиб, Исони қалбимга қабул қилдим. Тавба қилгач, мен бирор ғайри оддий нарса содир бўлса керак, деб кутдим. Аммо осмон ағдарилиб тушгани йўқ. Худо мени эшитмаган бўлса керак, деб ўйладим. Шундан сўнг мен аввало омборхонада, сўнг далага чиқиб, Худога бор товушим билан аюҳаннос солиб қичқира бошладим. Худонинг мени эшитишини жуда-жуда хоҳлардим. Албатта, у мени эшитди. Худди шу йўл билан Худо ҳаётимга келгани учун, шунингдек ўзининг кароматларини кўрсатгани учун мен Ундан ниҳоятда миннатдорман.

Азизлар, сиз каби имонлиларнинг гувоҳликларидан боҳабар бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга ташриф буюринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top