3:11

Гувоҳлик ҳақида

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг эшиттиришларидан яна бири. Азизлар, сизлар билан радио тўлқинлари орқали дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз радио тингловчилар, одамларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик беришимизнинг қанчалик муҳимлигини ҳар биримиз яхши англасак керак.

Албатта, бунинг учта сабаби бор. Биринчиси — бу Худонинг амри, иккинчиси -Масиҳнинг Ўзи бизга шундай намуна кўрсатди ва охиргиси — ҳозир Хушхабар учун катта муҳтожлик сезиляпти. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз Хушхабар айтишга тайёр бўлишимиз зарур. Азиз тингловчи, Хушхабар айтиш айниқса ҳозирги кунда осон эмас десак, муболаға бўлмас.

Шунинг учун ҳам йўлимизда учраб турадиган айрим муаммолар ҳақида ҳам олдиндан билиб олсак, зарар қилмайди. Бу орқали берган гувоҳлигимиз учун ҳозир ва келажакда қандай тўлов тўлашимизни англаб оламиз ва жасорат ила турли муаммоларнинг кўзига тик қараймиз. Ҳозирги кундаги асосий муаммоларни айтиб ўтирмасак ҳам ўзингиз яхши биласиз.

Лекин яна бир асосий муаммолардан бири — айрим одамлар Хушхабарни эшитиб турсалар ҳам рад этмоқдалар. Шу нарса ҳам катта муаммо, деб айтиш мумкин. Бундан ташқари, масиҳийларнинг ўзларида ҳам кичкина муаммолар учраб туради. Айримлар айтадики, Хушхабар айтиш учун менда вақт етарли эмас, деб. Худонинг иши учун қандай қилиб вақт тополмаймиз?

Шу савол доимо ҳар биримизнинг онгимизда айланиб турса, Худо учун кўп нарса қилишга улгурамиз. Энг муҳими, Худованд учун қилаётган хизматимиз қандай баҳоланмасин, ҳар бир хизматчи чин юракдан ўз хизматини қилса, янада кўпроқ одамлар Хушхабар эшитиши муқаррар. Азизлар, ҳар биримиз ўз келажагимизни тўлиқ Худога ишониб топширишимиз керак.

Ҳаётимиз учун ўзимиз эмас, аксинча, Худованд режа тузишига имкон берайлик. Шундагина Худованд ҳар биримизни содир бўлажак муаммолардан омон сақлайди. Азиз радио тингловчи, агар Худованд сизга аниқ бир иш билан шуғулланишни берган бўлса, шу ишни Худодан деб билинг ва чин юракдан бажаришга киришинг.

Агар ўзимиз истагандек яшасак, Худо иродасининг марказида бўлишдаги хурсандчилигимиз ва ҳузур-ҳаловатимизни ўзимиз ўғирлаган бўламиз. Шунинг учун ҳам инсон ўзича йўл тутганда доимо муаммоларга дуч келади. Азиз дўстим, доимо ёдингизда тутинг, Худованд ҳеч қачон янглишмайди. Раббимиз биз учун ҳамма нарсани Ўз иҳтиёри билан берди.

Шунинг учун биз ҳаётимизга, келажагимиз порлоқ бўлишига умид боғлаган ҳолда, қарашимиз ва ўзимиз учун ҳақиқатдан муҳим нарсани қилишга қарор қилишимиз зарур. Азизлар, сизга интернет сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтсам. www.najot.com Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top