Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Азизлар, сиз билан шундай эфир орқали бўлса-да дийдор учраша олганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Келинг, бугунги мавзуимизни бошласак.
Азиз биродарлар, бугунги мавзуимиз уй гуруҳларига асосланган жамоатлар тўғрисида борар экан, бир муҳим саволни ўртага ташласак-да, биргаликда жавоб излаб кўрсак. Уй гуруҳида кўпаядиган жамоатлар қандай қилиб Раббимиз Исонинг берган бўйруқларини амалга ошира оладилар?
Албатта яхшилаб ўйлаб қарасак, ҳар бир уй жамоатларининг олдида иккита муҳим йўл борлигини кўришимиз мумкин. Шу йўллардан биринчиси: бир-бирига боғланган имонлиларнинг уй гуруҳларини ташкил қилиш, ва уларнинг табий равишда кўпайиб туриши.
Иккинчи йўл эса: шу гуруҳлар орқали имонлиларнинг руҳий ўсиши ва кўплаб одамларга Хушхабар етиб боришидир. Албатта ҳозирги кунда бизнинг мамлакатимизда жамоатларнинг кўплаб қисмларини уй гуруҳлари ташкил этади. Юқоридаги интилишлардан шуни кўришимиз мумкин-ки, уй жамоатларининг асосий қисми уй гуруҳлари эканлиги кўриниб турибди.
Битта гуруҳ аъзоларининг сони кўпайиши эмас, балки гуруҳларнинг ўзи кўпайиши орқали бу жамоатлар ўсиб боради. Масалан, кичик уй гуруҳларида имонлилар бир-бирлари билан яқин муносабатда бўлиб, ҳақиқий дўст бўлиши, ҳар бир одамга тегишли таълим бериш ва шахсий муҳтожлик учун ибодат қилиш мумкин.
Бу эса биродарларнинг имонини янада мустаҳкам бўлишига олиб келади. Жамоатдаги уй гуруҳлари бирлашиб, баъзан махсус ва хавфсизроқ бўлган жойларда умумий йиғилишлар ўтқазиб турилиши ҳам, биродарларнинг орасидаги дўстликни ва руҳий ўсишларини янада мустаҳкамлаган бўлади.
Азиз биродарлар, агар битта жамоатнинг бир нечта уй гуруҳлари бўлса, қатнашувчи биродарлар ўзлари хоҳлаган гуруҳни танлашларига имкон берган маъқулдир. Лекин айрим гуруҳларда кам, айримларида эса ҳаддан ташқари биродарларнинг сони ошиб кетмаслигига эътибор қаратинг.
Хуллас, азиз биродарлар, ҳар бир чўпон ва хизматчилар ўз қўйларини қандай ва қаерда боқишни биздан кўра яхшироқ билади, деб ўйлайман. Чунки нафақат мамлакатимизда, қолаверса ҳар бир вилоятларда ҳам шароитлар ҳар хилдир. Азиз биродарлар, уй гуруҳларининг руҳий ва имонда ўсишлари учун ва ташқаридан бўладиган хавф-хатарни олдини олиш учун доимо Эгамиз Худога ибодатда бўлинглар. Ҳурматли биродарлар, агар имкон бўлса, ўз жамоатингиз ҳақида бизга мактуб йўлланг, сиз учун ибодат қиламиз. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.