3:11

Руҳий ғалаба 95

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Ҳаворий Павлус яшаган даврда рим аскарлари катта пошнали сандал кийиб юришган эди.

Бу оёқ кийим худди ботинкага ҳам ўхшаб кетарди. Ушбу оёқ кийими чарм боғичлар билан оёққа боғлаб қўйилан. Ботинканинг пошнасига эса кичкинагина ўткир темирли найза ҳам ўрнатиларди. Балки бу ҳозирги футболчиларнинг оёқ кийимини эслатса ажаб эмас.

Мана шу найзалар жанг пайтида аскарларга сирпаниб кетмаслиги учун катта ёрдам берар эди. Аскарлар жанг пайтида тез-тез ҳаракатлар қилиб, ўзларини мағрур тута олишар эди. Кўпинча рақиблар ерга учи ўткир найзаларни кўмиб қўйишар эди, келаётган рақибини оёқларини зарарлантириш учун.

Шундай пайтларда эса қалин пошнали ўша ботинкалар аскарларни ҳимоя қиларди. Оёқлари яраланган аскарлар эса энг зўр жангчи бўлса ҳам, жанг пайтида ҳеч нарсага ярамай қолар эди. Азизлар, имонли кишига ҳам руҳий жангда иштирок эта олиши учун маҳсус оёқ кийимлари керак бўлади.

Биз ҳар томонлама жанг олиб бориш учун тайёрман, деб ўйлашимиз мумкин, лекин оёғимиздаги кийимларимиз талабга жавоб бермаса, жанг вақтида қаршилик кўрсата олмаймиз. Чунки жанг вақтида сирпаниб кетиш мумкин. Азиз ҳаворий Павлус Эфесликларга мактубининг 6 боби 15 оятида айнан шу ҳақида гапирган эди. Марҳамат, тинглаб кўрамиз:

“Тинчлик хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар”. Кўпчилигимиз Павлус бу ерда Хушхабар айтишга тайёр бўлишимизни айтган, деб ўйлаши мумкин. Шундай ўйлаётган биродарларимиз Римликларга мактубининг 10 боби 15 оятига асосланиб гапиришса керак.

Жумладан, ушбу оятда шундай ёзилган: “Юборилмасдан туриб Каломни қандай тарғиб қиладилар? Тавротда ёзилганидек: Нақадар гўзалдир эзгулик муждасин, тинчлик Хушхабарин келтирган оёқлар”. Бу ерда ҳеч ким билан баҳслашмоқчи эмасман. Албатта Хушхабарни тарғиб қилишимиз керак.

Павлус ҳам айнан ушбу оят орқали шуни таъкидламоқда. Лекин Эфесликларга мактубида эса Павлус, биз ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак бўлган қуролимиз ҳақида гапирган эди. Азиз биродарлар, оёғимизда ва барча танамизда Худованд томонидан берилган ҳимоя кийимлари бўлса, бемалол жангга ҳам чиқа оламиз ва Хушхабарни ҳам тарқатамиз.

Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ҳар биримизни Худованд Ўз ҳимоясига олсин деб қоламиз. Ҳурматли радио тингловчи, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top