Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинларида ғойибона учрашиб турганимиз учун Отамизга шукуроналар айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар,
Худованд нима учун айнан мени танлаб олди ва нима учун мени оқлади деган саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз? Бир тарафдан қарасак, ушбу саволга жавоб бериш жуда осонга ўхшайди, лекин иккинчи тарафдан ўзига яраша қийин томонлари ҳам бор.
Худовандга мана шу кўрсатган сахийлиги учун албатта жавоб қайтаришимиз керак. Биз, масиҳий инсонлар, қандай қилиб жавоб қайтара оламиз? Албатта, ўзимизнинг юриш-туришимиз ва имонимизнинг мустаҳкамлиги орқали деб ўйлайман. Масиҳ бизга берган мана шу абадий ҳаётни сақлаб қолиш учун бор кучимизни сарфлашга тўғри келади.
Бунинг учун ўзимизни тўлиқ Худога муносиб равишда бағишлашимиз ва бор кучимизни максимал даражада сарфлашимиз зарур. Шундай ҳаёт кечирар эканмиз, бироз дам олишимиз ва қўлимизда тутиб турган машъални бироз бўлса-да сўндирмаслигимиз керак.
Агар олимпияда ўйинларини кузатган бўлсангиз, айтаётган гапларимизга мос ажойиб бир манзарани кўришимиз мумкин. Олимпияда ўйинларининг бошланишида машъал ёқилади ва ўйинлар тугагунига қадар ушбу олов асло сўндирилмайди.
Буни худди Худованд бизни танлаган куни ва Раббимизнинг иккинчи бор келадиган кунига ўхшатишимиз мумкин. Оқланган кундаги юрагимизда аланга олинган машъал ҳукм кунигача асло сўнмаслиги керак. Айрим пайтларда турли муаммолар ва қувғинлар туфайли бир оз пасайиб қолиши мумкин.
Лекин, азиз дўстим, оловни учиб қолишига йўл қўйманг. Ишхонада бўладими, оиладами, сафардами доимо қўлингиздаги машъални юқори кўтариб юринг. Азизлар, шуни яхши билинг, бизнинг ашаддий душманимиз шайтоннинг дам олиш куни ёки ухлаб, бир оз мизғиб олиш учун асло вақти бўлмайди.
Ҳаётимизни охиригача қўлимиздаги душманга қаратилган қуролимиз тайёр туриши лозим. Азиз биродар, бир нарса ёдингизда бўлсин: ҳар бир масиҳий инсон то жаннатга боргунига қадар шайтоннинг территориясида жанг олиб боради. Келинг, азиз биродарлар, имонимиз ҳақиқий бўлиши учун ҳаракат қилайлик.
Энг ачинарлиси, руҳий жанг кетаётган бир пайитда қаергадир яшириниб олиб ким ғолиб келса, шу томонга ўтиб оламан, деб кутиб туришдир. Ўйлайманки, азизлар, бизнинг орамизда унга ўхшаш биродарларимиз йўқ бўлса керак. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернет манзилимизни сизларга яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com Хайр, саломат бўлинг.