Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Эфирда яна сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Худовандга қарши бўлганларнинг ҳар бири ва Худонинг душманлари қачондир Унинг жазосини албатта бошларидан кечиради.
Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Худовандга қарши жанг қилиш шунчалик жиддийки, қачонлардир улар абадий оловли кулда абадий азоб чекадилар. Ваҳий китобининг 21 боби 8 оятида шундай ёзилган: “Аммо қўрқоқ, нопок, қотил, зинокор, жодугар,
бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир”.
Кўпчилик одамлар агар атеист бўлмасалар, ўзлари билмайдиларки, улар Худога қарши жанг олиб бораётганлигини. Айримлар айтадики: “Мен Худога ишонаман”, — деб, лекин улар Худованд айтганидек ҳаёт кечирмайдилар. Юқорида айтиб ўтган оятимиздагидек, кимдир зинокорлик қилса, кимдир ёлғончи, бошқаси жодугарлик қилса, яна биттаси бутпарастдир.
Шайтон шундай йўл тутадики, уларнинг кўз ўнгида қилаётган гуноҳ ишлари ҳеч қандай гуноҳ эмасдек. Азиз радио тингловчи, мен ўз қулоғим билан эшитган бир гапни сизларга ҳам маълум қилсам. Бир таниш киши оиласи бўла туриб, бошқа бир аёл билан яширин ҳаёт кечиради.
Мен унга бу гуноҳлигини айтмоқчи бўлганимда: йўқ, бу гуноҳ эмас, аксинча савоб иш, деб ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Гўёки эридан ажралган аёл билан яширин ҳаёт кечириш, унинг танавий хоҳишини қондириш — савоб экан.
Азизлар, шайтон инсонларни шунчалик кўзини кўр қилиб қўйганки, ҳатто гуноҳ ишлари билан мақтаниб юрадиганлар ҳам бор экан. Мана шу инсонлар худдик Худога ишонишади ва ҳеч қандай қаршилик ҳам қилмаётгандай яшаб ўтаверадилар. Шу орқали шайтон Худонинг Шоҳлигига зарба бермоқчи бўлади.
Муқаддас Китобнинг Римликларга мактубининг 5 боби 8 ва 10 оятларида аниқ ёзиб қўйилган. Одамзод Худонинг олдида гуноҳларини тан олмагунича гуноҳкор саналади. Аслида Худованд гуноҳкор инсонларга қарши жанг қилади. Сабаби, Худо гуноҳга қаршидир.
Гуноҳ Худога душмандир. Агар инсонлардан кимдир Худо томонда бўлмаса, демак ўз-ўзидан шайтон томондадир. Азиз радио тингловчи, шайтон энг кучли масиҳий инсонга ҳам ҳар замонда ҳужум қилиб кўради. У ҳар хил фикрлар бериб, инсоннни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Дунёдаги энг кучли масиҳийни ҳам учта нарса йиқитиши мумкин экан.
Биринчиси — зино, иккинчиси — пул ва охиргиси — мағрурлик. Азиз дўстим, доимо шу уч нарсадан огоҳ бўлинг. Сизлар билан хайрлашар эканман, интернет сайтимизни яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com Хайр, саломат бўлинглар.