3:06

Исо Масиҳнинг туғилиши

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, сиз билан радиомиз тўлқинлари орқали дийдор учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Раббимиз Исо Масиҳнинг мўъжизавий туғилиши ҳақида Муқаддас Китобда Матто ва Лука батафсилроқ гапириб ўтган. Уларнинг иккиси ҳам Исо Масиҳнинг нафақат туғилиши ҳақида, балки болалик даврлари ҳақида ҳам айрим ҳодисаларни ўз китобларида баён этишади.

Лука китобининг 1 боби 5 оятдан 80 оятгача бўлган жойида айнан шу ҳақида ўқиб олишингиз мумкин. Самодан элчи юборилганидан кейин Марям уч ой Элизабетнинг уйида меҳмон бўлди. Бу ҳақида ҳам Лука китобининг 1 боби 36 оятида баён этилган. Марям уч ойдан сўнг ўз уйига қайтиб келганидан сўнг эса Юсуф унинг аҳволидан хабар топади. Шунда Юсуф ғалати бир аҳволга тушиб қолади.

Ахир ўша пайтда ҳам худди бизнинг давримизда бўлганидек, эркак кишининг ғурури баланд бўлган бўлса, ажаб эмас. Шунга қарамай, Юсуф Марямни қаттиқ севар эди, шунинг учун ҳам у Марямни халқ орасида шарманда бўлишини истамаган эди.

У ўзининг ўйлаб қўйган режаси асосида йўл тутмоқчи бўлиб турганида, кечқурун ухлаб ётганида фаришта унга тушида зоҳир бўлади ва Марямни аҳволини ва Кимдан ҳомиладор бўлганлигини тушунтиради. Юсуф, албатта, художўй инсон сифатида барча гапларни тушунади ва Марямни қабул қилади.

Албатта бола туғилгунга қадар Юсуф барча фаришта айтганларини худди оилавий сир каби сир сақлаши лозим эди. Кейинчалик Раббимиз Исо Масиҳ дунёга келганидан сўнг, барча сир бутун халққа ошкор этилди.

Раббимиз Исо Масиҳ Ўзининг қилган мўъжизалари орқали ҳақиқатан Худованднинг ягона Ўғли эканлигини барчага исбот эта олди. Албатта Муқаддас каломда Юсуф ҳақида унчалик кўп ёзилмаган, лекин шуниси барчамизга маълумки, у Марям билан биргаликда Байтлаҳм шаҳрига борди ва Исо Масиҳ дунёга келганида ҳам унинг ёнида бўлган. Юсуф Раббимиз ҳали чақалоқ бўлганида ҳам Уни ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширди.

Бундан ташқари, Юсуф ўз даврининг ажойиб дурадгорларидан бири бўлганлиги ҳақида ҳам каломдан ўқишимиз мумкин. Тахминимизча, Юсуф Раббимизнинг хочдаги ўлимидан олдинроқ ўлган бўлиши мумкин, агар шундай бўлмаганида, Исо Масиҳ Ўз ўлими олдидан онаси Марям ҳақида ғамхўрлик қилишни ўз отасига айтиб ўтган бўларди.

Чунки каломда Исо Масиҳ онаси ҳақидаги ғамхўрликни қилишни бошқа бировга топширади. Бу ҳақида Юҳанно китобининг 19 боби 26 ва 27 оятларидан ўқиб оласиз. Азизлар, Юсуф ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бизнинг сайтимизга марҳамат қилинг. Манзилимиз: www.najot.com Хайр, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top