Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Юҳанно мактубининг 15 боби 7 оятидан шундай ёзилган оятни ўқишимиз мумкин: “Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, эришасизлар”.
Қандай ажойиб ваъда! Алоқада бўлиб деган сўзни грек тилидаги таржимасини кўрсак, маълум белгиланган вақт давомида алоқани ушлаб туриш деган маънони беради. Раббимиз Исо Масиҳ бу жойда албатта шогирдларига қарата жонли алоқани У билан ушлаб туришини назарда тутган эди.
Ҳозирги кунда биз ва биз қатнайдиган уй гуруҳи, жамоаларининг ҳар бир аъзоси ҳам Раббимиз Исонинг севимли шогирдларимиз. Шундай экан, ҳар биримиз У билан жонли алоқани ушлаб туриш ҳуқуқига эгамиз.
Бу дегани, уй гуруҳидаги ҳар бир масиҳий киши Худовандга ибодат қилиб, У билан мулоқот қилиши мумкин. Агар уй жамоатлари ва унинг аъзолари ибодат қилмас экан, Худованд билан қандай қилиб алоқа қилиши мумкин? Уй жамоатларининг Худованд билан бўлган алоқаси жуда муҳим.
Ибодат орқали ҳар бир масиҳий киши руҳан ўсади ва имонда янада мустаҳкам бўлади. Кимда-ким Худованд билан жонли алоқада бўлар экан, шу биродарнинг хизмати ҳам мўл ва баракали ҳосил келтира бошлайди.
Бу Худованднинг марҳамати. Уй жамоатларининг бошқарувчилари доимо ўзларининг олдига шундай саволни қўйишлари керак. Энг аввало мен ўзим Исо Масиҳга тўлиқ эргашяпманми? Гуруҳимдаги биродарларим-чи? Уларнинг ҳам Раббимизга эргаштира оляпманми, деган савол.
Азиз биродарлар, ушбу савол жуда муҳим. Марк китобининг 1 боби 17 оятида шундай ёзилган: “Менинг кетимдан юринглар, мен сизларни инсон овчилари қиламан,”- деди. Азизлар, Раббимизнинг ушбу чақириғига бугунги кунда қандай жавоб беряпмиз?
Уй гуруҳлари жамоатлари-чи? Албатта, мақсадимиз — ҳали Раббимизнинг нажотини эшитмаган инсонларга Исо Масиҳ ва Унинг инсоният учун чеккан азоблари ҳақида гапириб беришдир. Чунки Худованд ҳар биримиздан айнан шуни кутмоқда. Азизлар, келинг, биргаликда Худовандга якдиллик билан хизмат қилайлик.
Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сиз, азизлар билан хайирлашишдан аввал, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни сизларга эслатиб ўтсам. Умид қиламиз-ки, вақтингиз бўлганда сайтимизга марҳамат қиласиз. Демак манзилимиз: www.najot.com Хайр, саломат бўлинглар.