Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тингланг. Азиз радиомиз мухлислари, ўтган эшиттиришларимизда ваъда қилганимиздек, янги уй жамоатлари учун Kаломни ўқиб ўрганишнинг олти қадамли услубини бугун сизларга билдириб ўтмоқчимиз.
Марҳамат: демак, биринчи бўлиб қўлимизга Каломни олганимизда ибодат қилиб Муқаддас Руҳдан бизга Каломни тушуниб олишимизда ёрдам беришини сўрашимиз керак. Бу услуб доимо Худованднинг ёрдами ила Каломни тушуниб олишимизда жуда катта аҳамиятга эгадир. Иккинчиси эса, Каломни тўлиқ ўқиб чиқишдан иборат. Бунда гуруҳдан кимдир яхши ва дона-дона қилиб ўқийдиган кишининг ёрдами керак бўлади.
Бир киши ўқиганида қолганлар диққат билан тинглаши ва мавзу қандай бошланиб, қандай тугаши ва ҳатто воқеалар ривожини ҳам диққат билан кузатиб боришлари талаб этилади. Учинчи услубда эса, ўқилган Каломни яхши тушуниб олишдан иборат. Азизлар, Каломни яхши тушуниб олиш учун доимо олиб борувчи уй жамоати аъзоларига саволлар билан мурожаат этиши лозим.
Масалан, шундай саволлар: нима бўлди, нима деяпти, ким гапиряпти, кимга гапиряпти, қачон бўлди, қаерда бўлди, уларнинг ўрнида бўлсак қандай йўл тутардик? Хуллас шунга ўхшаш саволлар. Тўртинчи услубимизни эса қалбда очиқлик деб айтишимиз мумкин. Бунда гуруҳ аъзолари ўқиб чиқилган мавзу тўғрисида бир неча дақиқа тинч ўйлаб, ҳар бир киши ўқилган оятдан ўзи учун нима олгани ва энг таъсирли оят ҳақида қисқача гапириб бериши мумкин.
Бешинчи услуб амал қилиш деб айтилади. Гуруҳни бошловчиси: Муқаддас Руҳ бизларга шу нарсаларни кўрсатган бўлса, У энди биздан нима қилишимизни кутяпти, энг муҳими, амалий жавобимиз қандай бўлади, деган саволларни ўртага ташлаши керак.
Ва ниҳоят, охирги, олтинчи услубимиз — ибодатдир. Барча бешта услубни гаплашиб бўлганимиздан сўнг, энди ўқиб ўрганилган оятларни қандай қилиб ўз ҳаётимизга тадбиқ қилишимизни ва, албатта, Худованд ёрдам бериши тўғрисида ибодат қилишимиз керак.
Азиз биродарлар, мана шу олти услубни ўз уй гуруҳларингизда қўллаганингизда барчаси табий равишда амалга ошаётганига ишонч ҳосил қилинг. Азиз бошловчилар, доимо уй гуруҳингиздаги биродарларингиз учун ибодат қилинг. Агарда кимдир иштирок этишдан уялиб кам гапирса ёки умуман гапиришни истамаса, йиғилишдан сўнг у билан алоҳида гаплашиб кўринг. Унга уялмаслигини ва ҳар бир гапирилган гапимиз Худовандга маъқул бўлаётганини ва сиз у учун ибодат қилишингизни айтиб ўтинг.
Азизлар, эшиттиришимиз сўнгида сизларга ўзимизнинг интернетдаги электрон манзилимизни эслатиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинг.