Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радио эфир орқали ғойибона бўлса-да учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Сизлар билан “Дилкаш” радиоси.
Азизлар, барча Масиҳга ишонадиган биродарлар имон билан яшашни ўрганиши керак. Худовандга қулоқ солиш ва Унга бўйсунадиган бўлишимизда ҳам имонимиз муҳим рол ўйнайди. Исроил халқининг бошқарувчиларидан бири Ёшуа ушбу гапимизга ажойиб мисол бўлиши мумкин.
Чунки у нафақат ўзи, балки ўз халқини ҳам имон билан кўп нарсага эришишга ўргата олди. Масалан, бир қарашда умуман эришиб бўлмайдиган масалани Худованд уларнинг олдига вазифа қилиб қўйди.
Яъни Ерихо шаҳрини қўлга киритиш масаласи. Ерихо бутун Канъон ерини сақлаш мумкин бўлган муҳим объектлардан бири бўлаган эди. У жойнинг деворлари шунчалик мустаҳкам ва шунчалик қалин эдики, деворнинг устидан бемалол икки от- арава қарама-қарши томонга қараб ҳаракатланиши мумкин эди.
Албатта исроилликлар канъонликлардан қўрқишар эди, чунки Каънонда яшовчи инсонлар бошқаларга нисбатан бироз гавдалироқ ва шу билан бирга жанг пайтида душманларини аяб ўтирмайдиган аскарлардан ташкил топган эди.
Азиз радио тингловчи дўстлар, агар эсингизда бўлса, Мусо ҳам Каънон ерини кўриб келиш учун ўз айғоқчиларини юборганида улар қайтиб келгач, Каънон ерига бормасликни уларга маслаҳат берадилар. Айғоқчиларнинг айтишига қараганда, Каънон ерида яшовчилар жуда гавдали баҳайбат одамлар деб тасвирлашган эди.
Лекин шунга қарамай, Исроил халқи шу ерни эгаллаб олишганида, уларнинг имони янада кучайиб борди. Исроилликларда на қурол-яроқ, на аскарлар бор эди. Ахир улар қирқ йил мобайнида чўлда адашиб юришган эди. Улар чўлда юрган пайтларида кўп борлиғидан айрилиб қолишган эди.
Лекин Худованд уларни шунчалик севар эдики, улар хоҳлаган орзуларига имон билан эришар эдилар. Улар Худованднинг ёрдами ила ваъда қилинган ерга эга бўлишди. Ҳурматли радиомиз мухлислари, Худованд сиз билан ва мен билан ҳам худди шудай ишларни амалга ошира олади.
Албатта, имон билан Худованддан юртимиздаги барча инсонларни қутқарилишини ва юртимизнинг гуллаб яшнашини сўрашимиз керак. Иботатларимизда Худовандга илтижо қилиб, халқимиз учун раҳм-шавқат ва нажот сўрайлик. Худованд албатта жавоб беради.
Азиз биродарлар, сиз Ватанимиз ва унда яшайдиган инсонлар учун қандай ибодат қиляпсиз? Ўз таклиф ва мулоҳазаларингиз билан бўлишинг ва бизга мактуб йўлланг. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинг.