Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз, сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда.
Азиз радио тингловчилар, Худованд Иброҳимга қандай ажойиб ваъда бергани ёдингизда бўлса керак. Худованд айтган эдики, унинг авлоди орқали барча халқлар барака топишини.
Худованд яҳудий халқини танлаши бежиз эмас эди. Шу халқни У бутун дунё халқларига қутқарувчининг нажоти ҳақида гапирувчи элчи сифатида юбормоқчи эди. Шу халқ орқали Худованд барча халқларга баракани тўкин-сочин қилиб бермоқчи эди.
Агар яҳудий халқи Худовандга содиқ бўлиб хизмат қилса нима бўлади? Албатта Худованд ушбу халқни бошдан оёқ баракалайди. Лекин Худовандга эмас, аксинча, турли санамларга сиғиниб бошқа худоларга хизмат қилса-чи? Худованднинг жазоси доимо ҳар қандай халқ учун тайёрдир.
Ўша даврда ҳам, ҳозир биз яшаб турган даврдаги сингари, одамлар турли санамларга сиғинишар эди. Масалан: қуёшга, осмонга, ерга, денгизга, тоғларга, хуллас шунга ухшаш Худованд томонидан яратилган нарсаларга.
Шунинг учун ҳам Худованд бутун дунёдаги инсонларни бир халқ орқали битта тирик Худога сиғинишларини истаган эди. Ҳозирги кунда Худованд ҳар хил халқлардан ва турли миллатлардан Ўзига керакли инсонларни танлаб оляпти. Шу жумладан, бизнинг халқимиз ҳам Худованднинг эътиборидан четда қолмади.
Азиз радио тингловчи биродарлар, келинг, барчамиз Худовандга якдиллик билан хизмат қилайлик. Халқимиз орасида ҳали миллионлаб одамлар Хушхабар эшитишмаган. Уларнинг олдига борайлик.
Исо Масиҳ хочда азоб чекиб ўлгани ва қайта тирилгани ҳақида, энг муҳими, Унинг ер юзига иккинчи бор келиши жуда-жуда яқин эканлиги ҳақида гапирайлик. Тўғри, ҳозир қувғинлар жуда кўп. Шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам. Шайтон бор экан, бундай қувғинлар бўлиб туради.
Лекин у енгилган. Раббимиз уни енгди. Шунинг учун, азизлар, қўрқмасдан, жасурлик билан олға қадам ташлайлик. Ахир ҳар биримиз ўз Ватанимизни ва халқимизни севамиз-ку! Наҳотки уларни нажот олишини истамасак?!
Агар ибодат қилиб, Худованд бизнинг халқимизни қутқаришини ва баракалашини сўрасак, У албатта жавоб беришига мен ишонаман. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман, марҳамат ёзиб олинг: www.najot.com Хайр, омон бўлинглар.