Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин.
Азизлар, кўпчилигимизга маълумки, фарзандимиз туғилганидан сўнг, айниқса оталарни безовта қиладиган ягона нарса бу — чақалоқларнинг кечқурунлари уйғониб йиғлашларидир. Азизлар, қандай ўйлайсиз, чақалоқни кечалари ухлашга ўргатиш мумкинми?
Албатта бола бир ёшга тўлгунига қадар уларнинг ягона мулоқот қилиш усулларидан бири бу — йиғлашдир. Бола йиғлаганида, албатта, онаси уларни ўз қўлига олади ва бола бироз йиғидан тинади. Демак, бола ўзи билганича ўз яқинлари билан мулоқот қиляпти.
Ҳар сафар бола йиғлаганида, демак, у нимадир демоқчи эканлигини доимо ёдимизда тутмоғимиз керак. Балки унинг таги хул бўлгандир, ёки оч қолган бўлиши мумкин ёки бўлмаса ётган жойи у учун ноқулай бўлиши ҳам мумкин. Кўпинча ёш ота- оналар болаларни кийинтиришда баъзи бир хатоликларга ҳам йўл қўядилар.
Масалан, кун совуқ пайтларида ҳаддан ташқари иссиқ кийинтириш ёки аксинча кун иссиқ пайтларида ҳам ҳаддан ташқари иссиқ кийинтириб қўйишлик ҳам бола учун баъзи ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин. Бола кечалари туриб йиғлаши ҳар доим ҳам инжиқлик қилаётганини англатмайди.
Кўпинча, улар ўз ота-онасини тезда соғиниб қолишади ва шу топда уларни кўришни истаб йиғлай бошлайдилар. Азизлар, ёдингизда бўлсин, чақалоқ овқатга қанчалик муҳтож бўлса, ота-онанинг севгисига ҳам шунчалик муҳтождир. Лекин бола ўрганиб қолгани учун уйғониб йиғлай бошласа, аста-секин уни тартибга солиш керак.
Шу ўринда баъзи бир маслаҳатларимизни сиз, азиз тингловчиларга, айтиб ўтмоқчимиз. Бола ухлашидан олдин уни яхшилаб овқатлантиринг. Ухлагунга қадар барча ишларини битиришига эътибор беринг. Йиғлай бошлаганида унинг таги хул бўлиб қолмадими, дарров эътибор беринг.
Ҳатто кечалари бола совуқ қотиб ҳам йиғлаши мумкин. Иложи бўлса, инжиқлик қилаётган болага нималарнидир гапириб ёки бўлмаса алла айтиб ухлатишга ҳаракат қилинг. Иложи борича инжиқлик қилаётган вақтида болани қўлга олмасликка ҳаракат қилинг.
Ухлаганидан сўнг болани хонасидан чиқишингиз билан яна йиғлай бошласа, бир оз унинг олдига кирмай туришга ҳаракат қилинг. Бироз йиғласа ҳеч хатарли жойи йўқ. Доимо болангиз учун ибодатда бўлинг. Керак бўлса болалар шифокорларидан маслаҳатлар ҳам олиш фойдадан ҳоли эмас. Азиз ота-оналар, ўз тажрибангиз ҳақида биз билан ўртоқлашинг ва бизнинг dilkash@najot.com электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, омон бўлинглар.