Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз.
Азиз биродарлар, сизлар билан биргаликда уй гуруҳларига асосланган жамоатлар борасида кўп суҳбатлар олиб бордик. Уй гуруҳингиздаги биродарларнинг эркин ва мустаҳкам бўлиб, руҳий ўсишларига катта эътибор қаратинг.
Гуруҳингиздаги биродарларни қаттиққўллик билан ушлаб туриш ва ҳатто бошқа гуруҳ аъзолари билан алоқа қилишларига йўл қўймаслик, уларни сиздан ва ўзлари қатнаётган гуруҳларидан бездириб қўйиши аниқ. Энг аввало, биродарларга Худованд билан ўзлари бемалол мулоқот қилишини ўргатиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Бунинг учун улар кўринмайдиган Худога ўзларининг юракларидаги бор мақсадларини ва дардларини бемалол айтишлари мумкинлигини тушунтириб бериш лозим. Албатта ибодат орқали ҳар биримиз кўринмайдиган Худо билан гаплашамиз. Ибодатни худди телефон орқали бўладиган суҳбатга ўхшатишимиз мумкин.
Чунки телефон орқали ҳар биримиз ўзимиз истаган яқинларимиздан бирига телефон қилиб, хоҳлаган мавзуда суҳбат олиб боришимиз мумкин. Шуниси қизиқки, ушбу суҳбат давомида биз суҳбатлашаётган инсонимизни кўрмаймиз. Лекин шуни аниқ биламизки, биз айнан ўзимизга керак бўлган инсон билан суҳбат олиб боряпмиз.
Азизлар, гуруҳингиздаги биродарларга ҳам Худованд билан ибодат орқали худди шундай суҳбат олиб бориш мумкинлигини тушинтириб беринг. Албатта гуруҳ аъзолари кимга ибодат қиляпти ва ким билан гаплашяпти билишлари керак. Албатта Раббимиз Исо Масиҳ Худонинг ҳузурида биз масиҳийларни дуо қилгани учун, биз ҳам Исо Масиҳ номи билан Худовандга ибодатларимиз орқали мурожаат қиламиз.
Бундан ташқари, ибодат қилганимизда махсус жой ва вақт керакмаслигини ҳам ҳар бир гуруҳ аъзолари билиши лозим. Масиҳий инсон ишда бўладими, машинада кетаяптими ёки бўлмаса уйда идиш-товоқ ювяптими — фарқи йўқ, Худованд солиҳ инсоннинг ибодатини доимо эшитишга тайёрдир.
Худовандга қайси тилда ибодат қилишнинг ҳам фарқи йўқ. Лекин Худованд билан юрагингиздаги жиддий нарсалар ҳақида гаплашмоқчи бўлсангиз, албатта ўзингиз тинчроқ жой топиш яхшироқ бўлади. Азизлар, ишонамизки, гуруҳингиздаги ҳар бир биродар Худованд билан мустаҳкам алоқада бўлиб руҳий ўсиши учун ёрдамингизни аямайсиз.
Шунинг билан, азизлар, бугунги уй гуруҳлари мавзусига бағишланган эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашар эканман, бизнинг dilkash@najot.com электрон почтамизга мактуб йўллаб, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиринг, деб қоламиз. Хайр, саломат бўлинглар.