2:59

Уй гуруҳлари 28

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан яна бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашганимиздан бағоят миннатдормиз.

Ҳозирги кунда Худованд уй жамоатлари орқали ҳам Ўзининг улуғ ишларини амалга ошириб келмоқда. Шундай бўлсада, Раббимиз ҳар бир масиҳий кишининг қилган илтижо ибодатларини эшитишда давом этмоқда.

Лекин бир нарсани Муқаддас Китобга асосланган ҳолда айтиб ўтмоқчимиз. Раббимиз бизни ортиқча сўзлар билан ибодат қилишимизни хоҳламайди. Нима учун? Ушбу саволга жавоб топиш учун Матто китобининг 6 боби 5 оятдан 8 оятгача бўлган жойларни биргаликда ўқиб кўрсак.

“Ибодат қилганингизда, одамларга кўриниш учун ибодатхоналарда ва кўча бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадиган иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Сизларга чинини айтайин: улар ўзларига ярашасини олиб бўлдилар.

Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужранга кир ва эшикни беркитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил. Шунда яширин бўлганларни кўрувчи Отанг сени аниқ тақдирлайди. Ибодат қилаётганингизда, мажусийлар каби ортиқча сўзларни такрорлаб турманглар.

Улар: кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. Уларга ўхшаманглар, чунки Отангиз нималарга муҳтожлигингизни Ундан сўрашингиздан олдин билади”. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг ибратли ибодатини ўрганинглар.

Иложи борича, доимо Раббимизнинг ибратли ибодати билан кунни бошлашга ёки шу ўтган кунни шу ибодат билан якунлашга одатланинг. Айниқса кунинг якунида барча қилган гуноҳларингиз учун Худованддан кечирим сўранг. У сизни кечиргани учун Худовандга яна раҳмат айтиб ибодат қилишингиз мумкин.

Албатта биз ҳозир Худовандни кўра олмаймиз. Шундай бўлсада, Унинг борлигига ишонган ҳолда ибодат қиламиз. Шунинг учун ибодат қилганимизда: Эй Ота, Сени кўра олмасамда, Сен билан гаплаша оламан, шу учун Сенга катта раҳмат, деб айтишингиз мумкин.

Ҳар бир инсон Исо Масиҳни қабул қилган кундан бошлаб у эришадиган асосий нарса бу — янги ҳаётдир. Шунинг учун ҳар бир имонли киши Худованд томонидан берилган янги ҳаётни яхши билиши ва яхши тушуниб етиши лозим.

Азиз уй гуруҳидаги биродарлар, Худованд томонидан ҳар биримиз учун ато этилган абадий ҳаётни асраб-авайлайлик. Шунинг билан, азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни сизларга эслатиб ўтмоқчиман. Манзилимиз: www.najot.com

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top