Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти.
Азиз ҳаворий Павлус даврида Рим аскарлари ўзларининг камон ўқларининг учки томонини пахтадан тайёрланган ёки бошқа бирон-бир мато билан боғлаб олишар эди. Сабаби, улар камондан ўқ отганларида, шу латтани учки томонини смолага ботириб олиб ёниришар эди.
Ёниб турган камон ўқини эса тушманларига қарата ота бошлашган. Мана шу смолага ботирилган камон ўқи жуда секин ёнар эди. Шу билан бирга у ўзидан юқори даражадаги иссиқликни чиқариб турган.
Энг муҳими эса, учиб бораётган ўқ шомолнинг қаршилигида учиб қолмаган. Ёниб турган камон ўқи белгиланган жойга бориб тушган пайтида, зарбадан барча смола бутун атрофга сачраб кетар эди.
Шунда атрофдаги ёғочли уйлар дейсизми, аскарларнинг уст бошидаги кийимлари дейсизми, барчаси ёниб кулга айланар эди. Азизлар, ушбу гапларни айтиб ўтишимиздан мақсад, албатта биз руҳий томонга боғламоқчимиз. Биз руҳий жанг олиб бораётганимизда албатта имон қалқонидан фойдаланишимиз жуда зарур.
Эфесликларга мактубининг 6 боби 16 оятида шундай ёзилади: “Бунинг устига имон қалқонини қўлга олинглар, у билан ёвуз шайтоннинг қиздирилган ҳамма ўқларини ўчира оласизлар”.
Азиз биродарлар, биз қачон шайтоннинг устидан ғалаба қилоламиз? Албатта бунинг учун бизнинг имонимиз мустаҳкам бўлиши керак. Худовандга ўзимизни тўлиқ бағишлай олишимиз лозим.
Шайтоннинг барча қаршиликларини енга оладиган имон бу — жуда катта, мустаҳкам ва буюк имондир. Лекин минг афсуслар билан айтишимиз керакки, шундай имонга ҳамма ҳам эриша олмаяпти.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Худовандга бўлган ишончимиз бизнинг имонимизнинг ўсиши учун гаровдир. Агар Эски Аҳдга қарайдиган бўлсак, шундай қаҳрамонларни кўришимиз мумкин-ки, улар турли қийноқларга ташланганида ҳам ўлимдан асло қўрқмадилар.
Чунки улар ўлимдан сўнг абадий тирик ҳаёт борлигини билишар эди. Худовандга бўлган ишончлари эса катта бўлган. Худовандга ишонган одам эса ўлимнинг устидан албатта ғалабага эришади. Азиз биродарлар, ўзингиз билган турли хил гувоҳликлар ҳақида бизга мактуб йўлланг. Бу албатта бошқа биродарлар учун катта далда бўлади. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, омон бўлинглар.