Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий тингловчилари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, хонадонингизга тинчлик бўлсин.
Азизлар, Худо нимаики ваъда берган бўлса, барчаси ҳақиқатдир. Лекин шайтон: мен биламан, Худо ҳақиқатдан ҳам шундай деб айтган, лекин ижозат берсанг, мен яна шуни ҳам айтмоқчи эдим-ки, деб ўзининг ёлғонларини сизга худди рост гапдек айтмоқчи бўлади.
Азизлар, агар ҳаётингизда шунга ўхшаш воқеалар бўлиб турса, унга асло қулоқ тутманглар. Асло Худованднинг айтганларига кимдир қўшимча қилишига йўл қўйманглар. Агарда биз, масиҳийлар, Худовандга бўлган ишончимизда мустаҳкам тура билсак, У бизнинг ишончли қалқонимизга айланади.
Худовандга бўлган ишончимиз сўнмагунча, ушбу қалқон ҳар биримизни ҳимоя қилишга қодирдир. Шайтонга қулоқ тутган пайтимиздаёқ ушбу қалқон бизни ҳимоя қилишдан тўхтайди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай шароитда ҳам Худога ишониш жуда муҳимдир.
Ҳаворий Юҳанно ўзининг 1 Юҳанно китобининг 5 боби 4 оятида ушбуларни ёзган эди: “Чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгади. Мана шу бизнинг имонимиз дунёнинг устидан ғолиб чиқди”.
Ушбу оятга асосланиб гапирадиган бўлсак, биз, масиҳийлар, яъни Худонинг фарзандлари, фақатгина Худовандга бўлган имонимиз орқали шайтонни енгишимиз мумкин. Худовандга умид боғлаган инсонга қарата шайтон ўзининг қанчалик кўп ўқларини отадиган бўлсада, имони мустаҳкам киши Худовандда куч топа олади.
Азизлар, агар биз ўзимизнинг руҳий қалқонимиздан ўзимизни ҳимоя қилиш учун фойдаланадиган бўлсак, бунинг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкин? Албатта Худовандга бўйсунишга ва Унга қулоқ солишга ўргатади.
Бу дегани эса, марҳаматга тўлиб-тошиш деганидир. Ушбу айтган гапларимизга мос оятни Забур китобининг 118 боби 1 ҳамда 4 оятларидан ўқиб кўришимиз мумкин бўлади: “Қандай бахтлидир софдиллик йўлидан борувчи, илоҳий Қонун билан юрувчи кишилар!
Бахтлидир Худованд шаҳодатини сақлаб, чин қалбдан Худога интилувчилар! Улар қонунсиз ишга оёғини бурмай, Худованднинг йўлларидан юрадилар. Низом-қонунларингни Ўзинг буюргансан, жиддийлик билан риоя қилинсин дея”.
Азизлар, агар биз, инсонлар, Унга қулоқ тутсак, Худованд осмон деразаларини ҳар биримиз учун алоҳида очиб, у ердан устимизга марҳамат ёғдирмоқчи. Хайр, саломат бўлинг. Азизлар, бизнинг ушбу электрон манзилимизга мактуб йўлланг: dilkash@najot.com