Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз тингловчиларимиз билан яна радиомиз тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиз учун Отамиз Худога раҳматлар айтамиз.
Азиз ота оналар, келинг, Янги Аҳд китобидан Матто Хушхабар китобини биргаликда кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Матто китобининг 18 бобини биргаликда ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Азизлар, бунинг учун бир тарихий воқеани кўз ўнгингизда жонлантиришга ҳаракат қилиб кўринг. Раббимизнинг шогирдлари ўзаро баҳслашиб, Осмон шоҳлигида ким энг буюк бўлиши мумкин деган саволни бир бирларгига беришар эди.
Албатта, улар ушбу саволга жавоб топиша олмагач, айнан шу савол билан Исо Масиҳга мурожаат қилишга мажбур бўлдилар. Шу бобнинг 2 оятига қарайдиган бўлсак, Раб Исо Ўз шогирдларига улар кутмаган жавобни берди. Яъни Раббимиз Ўз ёнига бир болани чақириб,
Шогирдларига: сиз ҳам худди шу бола каби бўлишингиз керак деган жавобни айтди. Демак, Осмонга бора олиш учун ҳар бир инсон болалар каби бўлиши керак. Бу дегани, ҳар қандай бола ўз-ўзидан Осмон Шоҳлигига бора олади дегани эмас.
Раббимиз айтмоқчики, болалар каби ишонувчан, камтарин ва содда бўлинг, шундагина Осмонга, жаннатга боришингиз учун имконият бўлади деб. Болалар ҳали кичкина бўлганларида, ўз ота оналарига қанчалик боғлиқ бўлсалар, яъни уларнинг ёрдами, ҳимояси, парвариши ҳар қандай бола учун жуда муҳим.
Биз катталар ҳам Худовандга худди шундай муҳтожмиз. Умуман олганда, барча инсонлар Худованднинг ёрдамига муҳтождирлар. Азизлар, агар бешинчи оятга эътибор қиладиган бўлсак, болани Раббимизнинг номидан қабул қилиш тўғрисида гап боради.
Исо Масиҳ ҳар бир ота онага ва масиҳий биродарларга ажойиб бир вазифани олдимизга қўймоқда. Яъни болаларга хизмат қилиш, уларга Худованднинг нажоти тўғрисида сўзлаб бериш ҳар биримизнинг буюк вазифамиздир.
Яна олтинчи ҳамда етинчи оятларни кўрадиган бўлсак, Раббимизга ишонган болаларни йўлдан оздирган кишини нималар кутаётганини билиб олишимиз мумкин. Азиз биродарлар, ўзимизнинг юриш туришимиз ва оиладаги намунали сифатларимиз билан болаларни янада руҳлантирайлик.
Азиз ота оналар, агар сизларда бугунги мавзу бўйича қандайдир саволлар бўлса, ҳеч иккиланмай, бизга мактуб йўлланг. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Сиз азиз радио тингловчилар томонидан берилган ҳар қандай саволлар эътиборсиз қолдирилмайди. Мактубларингизни кутиб қоламиз. Яна радиомиз тўлқинларида дийдор учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.