2:52

Уй гуруҳлари 30

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар ва уй гуруҳлари иштирокчилари. Барчангизга Раббимиз Исо Масиҳдан тинчлик ва хотиржамлик бўлсин. Эшитиришимизни бошлаймиз. Ҳар бир уй гуруҳларининг етакчиларига яхши маълумки, баъзида турли сабабларга кўра, гуруҳ аъзолари йиғилишларга қатнаша олмасликлари мумкин.

Баъзида эса янада жиддийроқ сабаблар бўлиши мумкин, яъни гуруҳ аъзолари бир бирлари билан келиша олмасликлари туфайли ҳам йиғилишларга келмай қўйишлари мумкин. Албатта, шундай пайтларда гуруҳ етакчилари нима қилишларини билмай, бошлари қотади.

Бугунги мавзуимиз орқали айнан шундай пайтларда нима қилишимиз кераклиги ҳақида суҳбатлашамиз. Кўпинча шунга гувоҳ бўламизки, айрим етакчилар қайсарлик қилиб, шундай биродарларнинг ҳолидан умуман хабар олмайдилар. Аста секин орадаги алоқа узилиб, гуруҳ аъзоларини йўқотишингиз мумкин.

Энди Раббимизнинг шундай пайтларда тутган йўли ҳақида ҳам бироз ўйлаб кўрсак. Эсингизда бўлса, Яҳудо Раббимизни арзимаган пул эвазига сотиб юборади. Сиз қандай ўйлайсиз? Исо Масиҳ шу ҳақида хабардор эдими?

Албатта, ҳаммасидан Раббимизнинг хабари бўлган. Шунга қарамай, Исо Масиҳ Яҳудога қаршилик қилмади. Аксинча, уни ҳам нажот олишини истаб, бир неча бор унга имконият берди. Ҳатто бир дастурхон атрофида ўтирганида ҳам Яҳудони койимади.

Азиз биродарлар, Раббимиздан ўрнак олсак арзийди. Мен ушбу мавзу ҳақида гапириб турибману, ҳаёлимда: агарда гуруҳдаги бирон бир биродар кимнидир керакли жойга сотиб қўйса, унинг аҳволи нима бўлади? Уни яна қайтиб ўз гуруҳимизга қўша оламизми? Деган савол чарх уряпти.

Ёки бир умр унга сотқин деган номни бериб, у биродар ҳақида барча жамоатларга эълон қиламизми? Ўзимча шундай биродарнинг аҳволини тасаввур қилиб турибман. Менимча, кўпчилик биродарлар ундан ўзини олиб қочса керак.

Азизлар, албатта, қийин бўлса ҳам, шунга ўхшаш биродарларга Раббимиз каби ёрдам беришга ва у тавба қилмаса, аҳволи нима бўлиши ҳақида огоҳлантириб, ёрдам беришга ҳаракат қилишимиз керак. Шунга ўхшаш биродарларга доимо ибодат қилинг.

Гуруҳга келмайдиган ёки хафа бўлган биродарлар учун ҳам доимо ибодатда бўлинг. Улар билан алоқани йўқотманг. Шунда Раб Исо уларнинг юрагида ўзгариш қила олади. Азизлар, гуруҳингиздаги муаммолар ҳақида бизга ёзиб юборинг, биргаликда ибодат қилиб ушбу муаммонинг ечимини Худованддан сўраймиз.

Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, соғ саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top