Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли биродарлар, менимча, ўзбек масиҳийларининг энг кўп ишлатадиган сўзларидан бири бу “марҳамат” деган сўз бўлса ажаб эмас.Албатта Худони марҳаматига сазовор бўлишни барчамиз истаймиз.
Шундай экан, келинг, азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали ана шу сўз ҳақида суҳбатлашсак. Албатта, ҳар биримиз барча мақтов ва шон шуҳратни Худога беришни истаймиз. Сабаби, У Ўзининг ягона Ўғли Исо Масиҳ орқали барча инсонларга Ўз севгисини ва қанчалик меҳрибонлигини кўрсатди.
Худонинг олдида тавба қилган инсонларнинг қолган ҳаётлари давомида доимо Худонинг марҳамати уларнинг устида бўлади, деб айтишимиз мумин. Худованд ҳар бир нажот берган инсонга турли синовларни ҳам беради.
Худди шу пайтда ҳар бир келадиган синовларни ҳам Худо томонидан бериладиган марҳамат деб қабул қила оламизми?. Чунки Худо ҳамма нарсани яхшиликка айлантира олади.
Бу эса Худонинг ажойиб марҳаматидан даракдир. Чунки У севгани учун Ўз фарзандларини тарбиялайди, имонда мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, Худо барчамизни шайтонинг ҳужумларидан ва келажак кулфатлардан ҳам сақлай олади.
Нима учун яҳудийлардан бўлган фарзийларнинг кўплари ўзларининг гуноҳкорлигини Худони олдида тан олиб тавба қилдилар? Бунинг энг асосий сабабларидан бири, улар Павлус ва Барнабани ҳаётларини Худо қандай ўзгартирганлигини ўз кўзлари билан кўришган эди.
Худо уларни қандай марҳаматлаётганидан уларнинг хабари бор эди. Ҳар бир нажот олган инсон Худонинг марҳаматига сазовор деб топилгани учун қутқарилади. Азиз биродар, Худованд ҳар биримизни шунчалик марҳаматга бой қилган экан, келинг, шу марҳамат асносида бошқаларга хизмат қилайлик.
Бошқалар ҳам Худонинг марҳамати қанчалик чексиз эканлигини билишсин. Худонинг ҳам мақсади шу.Хали бу дунёда марҳаматга сазовор бўлмаган инсонлар кўплаб топилади. Худо айнан уларни нажотга эга бўлиши учун сизни ва мени ишлатишни истайди.
Шундай экан, Худо бизга кўрсатмоқчи бўлган марҳаматдан юзимизни четга бурмайлик. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимизни якунлар эканман, ҳар биримизни Худо янада марҳаматласин деб қоламан.
Ҳурматли биродарлар, агарда бизга мактуб йўллашни истасангиз, бизнинг: dilkash@najot.com электрон манзилимизга юборишингиз мумкин. Яна радио тўлқинларида соғ омон кўришайлик, саломат бўлинглар, хайр.