Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Масихнинг шогирдларига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Шогирд ортириш бу аввалам бор мураббийликдир. Мураббийлик вақт билан чеклаб бўлмайдиган ишдир. Имондаги гўдакларни парвариш қилиш жуда нозик иш, бу оддий программалар мажмуидан иборат бўлган нарса эмас. Қадимда бир хикматли одам шундай деб айтган экан: “Биз фақатгина бизни қадрлаган одамларнинг билимини эътиборга сазовор деб биламиз.” Фақатгина дарс ўтиб, шогирдларни имонда улғайтириб бўлмайди. Уларга далда бериб туриш керак, қийналганларида юпатиш керак, Исога итоатли бўлишни ўргатиш керак. Ўзбек маданиятида одамлар орасидаги хақиқий муносабат хаётнинг хар бир жабхасини ўз ичига қамраб олади, бу ерда муносабатни фақатгина режалаштирилган тадбирлар асосида қуриб бўлмайди. Шунинг учун режалаштирилган тадбирларга кўр–кўрона амал қилгандан кўра, шогирдлар билан кўпроқ вақт ўтказиш мураббийлик учун мухимроқдир.
Хеч қайси ота–она қулоқсиз боласини ташлаб қўймайди ёки ундан воз кечмайди. Бола катта бўлиб ўзини эплай олган тақдирда хам ота–она боласига ғамхўрлик қилиб, ёрдам бериб туради. Шунингдек шогирдлар хам уч йил мобайнида ўқиб, ўқиган нарсаларини тўлиқ тушуниб, англаб олишмаса биз уларга мураббийлик қилишни давом этишимиз лозим. Павлус узоқ вақт давомида Коринфдаги масихийларга мураббийлик қилган. Коринфинликларга биринчи мактубнинг 3чи бобида Павлус шундай деб ёзади “Мен сизларга Муқаддас Рухга тобе кишиларга гапиргандек гапира олмадим, Масих йўлида чақалоқ қолганлар билан сўзлашгандек сўзлашдим. Сизларни…сут билан боқдим.” Павлус уларга фақатгина Худо Каломининг асосларини ўргатган. Ўша вақтда коринфликлар Худо Каломининг чуқур маъносини тушунишга ожиз эдилар, шунинг учун Павлус сабр–тоқат ила уларга фақатгина хазм қила оладиган рухий озиқани берар эди. Хеч қайси она сутдан бошқа нарсани еб ўрганмаган чақалоғини кўкракдан чиқармайди. Болани кўкракдан чиқариш учун бола бошқа овқатларни еб, хазм қила оладиган бўлиши керак. Мураббийлик қилиш — рухий чақалоқни боқиб катта қилиш демакдир. Биз шогирдларимизни чақалоқни боққандай боқиб, рухий вояга етказишимиз керак. Шундай экан мураббийлик — бу одамлар орасидаги муносабат эканлигига яна бир бор гувох бўламиз. Хар бир имонли киши бошқа масихийларга мураббийлик қила олади, бунинг учун махсус мураббийлик курсларни битириш ёки рухоний бўлиш шарт эмас. Мураббий янги имондаги масихийлар билан кўпроқ вақт ўтқазиб, улар учун намуна бўлиши керак.
Ўзбекларга мураббийлик қилишда катта самарага эришиш учун, хар бир ўзбек масихий билан алохида иш олиб бориш керак деб ўйлайман. Бу иш фақатгина жамоатдаги бир–иккита одамнинг зиммасига юкласа бўладиган иш эмас, бу ишда хаммамиз иштирок этишимиз керак. Бундан ташқари, “жамоатимизда фақатгина полончи биродаримиз бу ишнинг уддасидан чиқа олади, у яхши имонли, зўр воизчи”, деб хамма ишни ўша одамга ташлаб қўйиш ярамайди. Шогирд ортириш хақида кейинги сафар батафсилроқ гапирамиз. Бордию шогирд ортиришга ойид фикр мулохазаларингиз бўлса бизга бу хақда dilkash@najot.com электрон манзилимизга хабар йўллан. Буни сиз билан бирга мухокама қиламиз. Хайир азизлар, Хизматингиз серхосил бўлсин.