3:43

Янги ҳаётда яшаш қоидалари

MP3

Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, имонга келиб Худонинг фарзанди бўлганингиз билан сизни чин кўнгилдан муборакбод этаман. Азизлар, сиз янги хаётга қадам босдингиз. Лекин ушбу янги хаётда яшаш эски хаётга қараганда анча мушкул туюлиши мумкин. Бугунги ибодатимизни биз айнан янги имонликлар учун бағишлаймиз. Ибодат қилишдан олдин, келинг, имонга янги келганларга Муқаддас Калом нима демоқчи эканини кўриб чиқсак. Эфесликларга мактубнинг тўртинчи бобини кўриб чиқсак. Шундай қилиб, ёлғонни рад этиб, ҳар бирингиз ўз биродарингиз билан ҳақиқатни гаплашинглар. Чунки биз бир-биримизга тананинг аъзоларидаймиз. Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар. Иблисга фурсат берманглар. Ўғрилик қилган киши бошқа ўғрилик қилмасин. Балки яхши ишлаб, ўз қўллари билан меҳнат қилиб, муҳтож бўлганларга ҳам бирор нарса берсин. Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин.

Лекин эҳтиёжга кўра, тингловчиларнинг жонига ора кирадиган яхши сўзлар гапиринглар. Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар; сизлар нажот кунигача ўша Руҳ билан муҳрлангансизлар. Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар. Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар. Севикли болалар каби Худога эргашинглар. Масиҳ сизларни жуда севгани учун, сизлар учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган, хуш ҳидли қурбонлик келтирди. Сизлар ҳам худди шундай муҳаббат билан яшанглар. Сизнинг орангизда ҳеч қандай зиногарлик, ифлослик ёки тамагирлик ҳатто тилга олинмасин. Булар муқаддас кишиларга муносиб эмас. Шунингдек, беадаб ва ахлоқсиз гап ёки майнабозчилик ҳам бўлмасин. Булар сизга муносиб эмас. Яхшиси, Худога шукур қилинглар.

Азизлар, келинг қўлларимизни очиб Худога, Осмондаги Отожонимизга ибодат қилсак. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию, ибодат қилишни билмасангиз хеч хавотир олманг, бемалол кетимдан қайтараверинг. Осмондаги Отажон, бизнинг тирик Худойимиз, бизга нажотни берганинг учун рахмат. Худойим, биз имонга келдик, Сенинг қурбонингни қабул қилдик. Хаётимизни ўзгартир, бизни Сенга лойиқ бўладиган фарзанд қилиб бизни тарбиялагин. Худойим, энди бундан буён биз хар қандай ёмон ният ва гина қудурат, хар қандй қахру жахл, нолиш ва ғийбатчиликлардан озод бўлайлик. Бир биримизга мехр шавқатли бўлайлик. Сен бизни кечирганинг каби биз хам бир биримизни кечирайлик. Эрталабдан кечгача Сенга интилиб яшашга бизни ўргат. Худойим, эски хаётимиз энди орқада қолиб кетди, энди хаммаси янги тарзда давом этсин. Орамизда хеч қандай зиногарлик, ифлослик ёки тамагирлик хатто тилга олинмасин. Барча қилган ишларимиз, гапирадиган гапларимиз Сен Муқаддас Худога муносиб бўлсин. Хар бир вазиятда, яхшими ёмонми дойим Сен Муқаддасга шукур қилайлик. Худойим, Сенинг муқаддас номинг улуғлансин, илойим, Нажотинг хақидаги хушхабаринг мамлакатимизнинг барча уйига кириб борсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию ибодат эхтиёжларингиз бўлса бизга бу хақда dilkash@najot.com электрон манзилимизга хабар қилинг. Биз сиз учун эфир орқали ибодат қиламиз. Хайир, азизлар, Худойим сизларни ўз панохида асрасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top