Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, бугунги ибодатни мен эски хаётга қайтиб бормаслик учун ибодат қилмоқчиман. Биз Исо Масихни Раббим ва Нажоткорим деб қабул қилганмиз ва шу тариқа янги хаётга эгамин. Бу дегани, эски гунохкор хаётимиз энди йўқ бўлган, олдинда фақат Исо Масихнинг иноятига тўлган пок хаёт бордир. Лекин масихийлар кўпинча хар хил васвасаларга дучор бўлиб эски хаёт билан курашишни бошлашлари табиий холдир, чунки бизнинг эски яъни гунохкор қуллигимиз бизга ўз хақида эслатиб туради. Келинг, Муқаддас Калом бизга бу хақда нима демоқчи эканини кўриб чиқсак. Галатияликларнинг 5чи бобида ўқиймиз.
Шундай қилиб, Масиҳ бизга берган эркинликни маҳкам тутинглар, қайтадан қуллик бўйинтуруғини тақманглар. Бизлар эса Илоҳий Руҳдан умидвор бўлиб, имонимиз асосида оқланишимизни кутамиз. Исо Масиҳ йўлида на суннат, на суннатсизлик бирон ишга ярамайди, фақат муҳаббат билан амал қилувчи имон ярайди.
Сизлар яхшигина қадам отаётган эдингизлар. Шундай экан, ҳақиқатга итоат қилишингизга ким халақит берди? Сизнинг бу инонувчанлигингиз сизни Даъват қилувчидан бўлмади! Озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитади!
Раббим ҳақи ишончим комилки, сизлар бу хусусда бошқача фикр қилмайсизлар. Фикрингизни чалғитувчи ким бўлмасин, шунга яраша жазосини олади. Биродарлар, мен ҳали ҳам суннатни тарғиб этаётган бўлсам, нима учун ҳануз таъқибларга дучор бўлмоқдаман? Ундай бўлса, хоч васвасаси йўққа чиқар эди-ку! Қанийди сизларни бу гап билан изтиробга солувчилар ўзларини бичишса! Эй биродарлар, сизлар эркинликка чорлангансизлар. Фақат бу эркинликни нафсингиз учун қурбон қилманглар, балки бир-бирингизга муҳаббат билан хизмат қилинглар. Чунки Илоҳий Қонуннинг ҳаммаси бир сўзда жамланади, яъни: «Ўзгани ўзинг каби севгин». Аммо сизлар бир-бирингиз билан тишлашиб, ғажишсангизлар, эҳтиёт бўлинглар, тағин бир-бирингизни еб битирманглар!
Азизларим, келинг, қўлларимизни очиб қулликка, яъни эски гунохкор хаётга қайтмаслик учун ибодат қилсак. Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз хеч хижолат бўлманг, бемалол кетимдан қайтаринг. Осмондаги Отажон, бизга нажот берганинг учун Сенга шукуроналар айтамиз. Нажотинг нақадар қимматга тушгани намоёндир. Ахир бизни шайтондан озод қилишинг учун Ўғлинг Исо Масихни қурбон қилдинг. У айнан биз учун, бизга абадий хаёт бериш учун Сенинг буюк режангни амалга оширди. Отажон, биз энди Сенга, яъни тирик ва севги Худосига тегишлимиз. Биз энди муқаддасликка эришиб иноятинга тўлиб яшашга интилишимиз керак. Хеч қандай эски хаёт, ўша қуллик бизни ўзига жалб эта олмасин. Чунки эски гунохкор хаётимизни ўзимиз билан хочга михлаб қўйганмиз. Худойим, Сен бизга берган эркинликни нафсимиз учун қурбон қилмайлик. Бир биримизга Сен ўргатган мухаббат ва севги билан хизматда бўлайлик. Сен берган хаётда хаммаси худди Сен айтганингдек бўлсин, яъни ўзгани ўзинг каби севгин деган оятларинга тўғри келиб яшайлик. Хаётимизда фақат мухаббат билан амала қилувчи имон хукмронлик қилсин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию ибодат эхтиёжларингиз бўлса бизга бу хақда, dilkash@najot.com электрон манзилига хабар йўлланг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Хайир, омон бўлинг.