Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Муқаддас Калом дарсига хуш келибсиз. Азизлар, бугунги дарсда биз Худонинг Иброхим билан қилган ахдини кўриб чиқамиз. Ибтидо китобининг 15чи бобини ўқиймиз. Бу ҳодисалардан кейин Худованд Ибромга ваҳий орқали каломини юбориб: – Эй Ибром, қўрқма, Мен сенга қалқонман. Сен учун мукофот ғоят катта бўлади, – деди. Ибром бунга жавобан:
– Ё Худоё Худовандо! Сен менга нима берасан? Мана, мен фарзандсиз кетаётирман. Рўзғоримни эса менга ўғиллик қиладиган дамашқлик Илъазар бошқаради. Сен менга авлод бермаганингдан сўнг, энди хонадонимда ўғиллик қиладиган мана шу қулбошим менинг ворисим бўлади, – деди. Шунда Худованд Ибромга каломини юбориб: – Йўқ, бу сенинг ворисинг бўлмайди, балки ўз уруғингдан ҳосил бўлажак ўғлинг сенинг ворисинг бўлади, – деди. Сўнг Ибромни ташқарига чиқариб:
– Осмонга қараб юлдузларни санай олсанг, сана, – деди. Ва қўшиб: – Мана сенинг авлодинг ҳам шунчалик кўп бўлади, – деди. Ибром эса Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди. Сўнгра Худованд Ибромга яна хитоб қилиб: – Бу ерга эга бўлишинг учун Мен, Худованд, сени халдейларнинг Ур шаҳридан чиқарганман, – деди. Ибром сўради: – Ё Худоё Худовандо! Бу ерга эга бўлишимни мен қандай биламан?
Худованд: – Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор ва битта мусича билан каптар жўжасини топиб кел, – деди. Ибром эса буларнинг ҳаммасини топиб келди. Қурбонликларни икки пора қилиб, ҳар қайси бўлагини бошқа бўлагининг қаршисига қўйди. Фақат қушларни пора қилмади. Ўлаксалар устига калхатлар қўна бошлади, Ибром уларни ҳуркитиб юборди. Қуёш ботиш чоғида Ибромни қаттиқ уйқу босди. Шу пайтда катта даҳшату зулмат уни чулғаб олди. Худованд Ибромга хитоб қилиб деди:– Шуни яхши билиб қўйгинки, сенинг насл-насабинг бегона юртда ғарибларча яшаб, қул бўладилар, тўрт юз йил жабр-зулм кўрадилар. Аммо уларни қул қилган халқни эса Мен ҳукм этаман. Шундан сўнг улар катта мол-мулк билан у ердан чиқиб кетадилар. Сен нуроний мўйсафид бўлиб ўлиб, дафн этилажаксан ва ота-боболаринг олдига боражаксан.
Амўрийларнинг гуноҳи ҳаддидан ошмагунча, сенинг насл-насабинг бу ерга қайтиб келмас, фақат тўрт авлод ўтгандан кейин қайтиб келажаклар. Қуёш ботиб, қоронғилик чўккан эди. Қўққисдан тутаб турган бир тандир ва алангаланаётган бир машъал кўринди, булар қурбонлик парчалари орасидан ўтди. Ўша куннинг ўзида Худованд Ибром билан аҳд қилиб, деди: – Миср водийсидан бошлаб улкан Фрот дарёсига қадар бу ернинг ҳаммасини Мен сенинг авлодингга бераман: қенийлар, қениззийлар, қадмўнийлар, ҳетийлар, периззийлар, рафоийлар, амўрийлар, канъонийлар, гиргошийлар ва ябусийлар юртларининг ҳаммасини сенинг авлодингга бераман. Худонинг Ибромга берган ваъдаси устидан фикр юритишингиз учун саволлар қуйдагича. Худо Ибромга зохир бўлганда, Ибром пайғамбар нимага амин бўлди? Худо Ибромга ўғил хақида ваъда берганида у қандай жавоб берди? Уни уйқига мубтало этиб, Худо Ибромга нимани кўрсатди? Азизлар, саволларга жавобларни эса dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг, ёки бўлмаса, www.najot.com сайтимизга кириб хабар қолдиринг. Ундан ташқари, сайтимига ташриф буюриб, дастурларимизнинг ёзма шаклини кўчириб олиши имкониятига эгасиз. Келаси сафар эфир орқали учрашгунча хайир. Худонинг инояти барнчангизга ёр бўлсин.