3:53

Биз Исо Масих билан дафн этилдик

MP3

Салом азиз радио тингловчилар. Гунох табиати деб номланган дастурга хуш келибсиз. Олдинги сафар биз гуноҳ табиати ҳақида гаплашган эдик, у ҳамма одамларда бор ва унинг устидан ғалабани бизга Худо беради, бунинг учун биз фақат Исога ва Унинг хочда қилган ишига ишонишимиз керак деган эдик. Энди эса шу мавзуни давом қиламиз. Инсон Исони қабул қилганида ичида айрим нарсалар содир бўлади ва шулар асосида у гуноҳ табиатига нисбатан ўлик бўлиб қолади. Мисол учун Римликларга китобининг 6чи боб 3чи оятдан 5чи оятгача укиб чиқайлик: «Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик. Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим. Агар ўлишда Масиҳга эргашган бўлсак, албатта, тирилишда ҳам Унга эргашамиз». Аслида бу оятда сувда чўмдирилиш ҳақида гап кетмайди, юнон тилида “сувда” деган сўзнинг ўзи йўқ; балки биз Масиҳнинг ўлимига чўмдирилганимиз, У билан кўмилганимиз ҳақида гапирилган. Шундан кейин эса биз Исо билан қайта тирилиб, янги ҳаётга эга бўламиз. Шуларнинг ҳаммаси биз Исони қабул қилганимизданоқ содир бўлган эди. Ўша пайтда биз гуноҳлардан кечирим оламиз ва гуноҳ табиати бизга таъсирини кўрсата олмайди. Шунинг учун ҳам янги имонли киши ҳаётида айб йўқолади ва гуноҳ устидан ғалаба пайдо бўлади ва натижада катта ўзгаришни нафақат унинг ўзи, балки атрофидаги бошқалар ҳам кўради. Бироқ агар имонли киши гуноҳ табиат нималигини ва Худо инояти қандай ишлашини билмаса, у албатта қонун остига қайтиб боради ва гуноҳ табиати яна шу кишининг ҳаётида ҳукм суриши мумкин. Афсуски бундай ҳолатни кўпгина масиҳийларнинг ҳаётида кўрса бўлади: улар гуноҳ қилмай яшашни истайдилар, бироқ қанчалик урунмасалар гуноҳ ҳаётларида ҳукмронлик қилганини кўрадилар. Муқаддас Калом бўйича бундай бўлмаслигини улар биладилар, бироқ ўзларида бунинг аксини кўрадилар. Албатта улар Худони севадилар ва шунинг учун улар гуноҳга қарши курашни давом эттираверадилар, бироқ гуноҳ устидан ғалабага эриша олмайдилар. Каломда “энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин” дейилганини биладилар, бироқ ўз ҳаётларида гуноҳ ҳокимлик қиляпганини кўрадилар. Шу билан улар нимага шундай бўляпганини билмайдилар ва илгаригидек кўпроқ ҳаракат қиладилар-у, бунинг натижаси эса янада ёмонлашиб кетаверади. Тўғри, Худо хали ҳам Ўз меҳри билан уларга баракат бериб туради, бироқ улар тўлиқ ғалабага, тинчликка ва эркинликка эриша олмайдилар. Шундай вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетиш мумкин, деган саволга жавоб берайлик. Бу мураккаб савол ва қийин вазиятга жавоб жуда оддий: инсон қандай қилиб Исони қабул қилган бўлса, шу йўсинда ҳар куни яшайвериши керак. Биз Исони Раббий деб қабул қилдик ва Унинг хочдаги ишига ишончимизни қаратдик, шу асосида биз нажот топдик. Энди эса ҳар куни ишончимизни шу йўналишда қаратишимиз керак: ҳамма нарсада ишончимиз ўзимизга эмас, балки Исога қаратилса, ҳамда ҳамма нарсани Худо бизга хоч орқали беришига ишонсак, ғалаба бизники бўлади. Айрим одамларга бу ҳаддан ташқари оддий ва осон бўлиб кўриниши мумкин, чиндан ҳам биз қила олмаган нарсани Худо биз учун бажарди, энди эса биз фақат шунга ишониш орқали Худо қилган ишидан баҳраманд бўламиз. Мана шуни иноят хабари деймиз. Бугунги дарсимиз якунланди, кейинги сафаргача хайир. Омон булинг. www.najot.com сайтимизга киришни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top