Ассалому алайкум. Сизларни билмадим-у, аммо мен Исо Масиҳнинг қасам ҳақида айтганларидан жуда хурсандман. Келинг қасам ҳақида ёки қадимда яшаб ўтган Йифтоҳ исмли кишининг ҳаётини кўриб чиқишдан олдин, Исо Масиҳнинг қасам ҳақидаги сўзларини тинглайлик: «Яна қадимгиларга: «Қасамдан қайтма. Ичган қасамларингни Худованд олдида бажо келтир», — деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин Мен сизга айтаман: ҳеч қандай қасам ичманглар – на осмон ҳақи, чунки у Худонинг тахтидир, на ер ҳақи, чунки у Худонинг пойандозидир… Бошинг ҳақи ҳам қасам ичма, чунки сен биронта сочингни оқ ёки қора қилолмайсан. Сизларнинг сўзингиз фақат «Ҳа» ёки «Йўқ» бўлсин. Бундан ортиғи эса шайтонликдир» (Мат 5:33-37).
Қасам ичмай яшаш ҳаётимизни енгиллаштиради. Қасам ичмай яшаш яхши-ку. Шунда қасамингни бажаришга мажбур бўлмайсан. Бирор бир ишни қилолсанг, «Қўлимдан келганча ҳаракат қиламан», дейсан. Қўлингдан келмаса, «Кечирасиз», дейсан. Бу жуда осон. Аммо қадимда ундай бўлмаган. Бирор киши қасам ичса, албатта ўша қасамини Худонинг ва бандаларининг олдида бажариши шарт эди.
Йифтоҳ ҳам ўшалардан бири бўлган. Ўтган сафарги суҳбатимизда Йифтоҳнинг қандай шахс бўлгани ҳақида гаплашган эдик. Келинг, суҳбатимиз тушунарлироқ бўлиши учун у ҳақида яна эслатиб ўтаман. У Гилад деган кишининг ўғли эди. Онаси эса фоҳиша бўлган. Онаси фоҳиша бўлгани учун болалиги осон кечмаган бўлса керак. Отаси ўлганидан кейин эса, ўгай ака-укалари уни меросдан маҳрум қилиб уйдан ҳайдашади.
Аммо кўп ўтмай Оммон халқи исроилликларга ҳужум қилади. Гилад оқсоқоллари Йифтоҳнинг ҳузурига ёрдам сўраб келишади. Чунки у ўша пайтларда атрофига ёмон одамларни тўплаб, босқинчилик билан шуғулланаётган эди. Ундан ташқари у довюрак жангчи ҳам эди. Йифтоҳ фақат бир шарт билан, яъни Худованд Оммон халқини унинг қўлига берса, Гиладликларга ҳукмронлик қилиш шарти билан уларнинг илтимосини қабул қилди. Халқ уни ҳоким ва лашкарбоши қилиб тайинлади. Йифтоҳ Оммонликларга қарши жангга кирар экан, Худонинг олдида қасам ичиб деди: «Агар жангда Оммон халқини енгишимга ёрдам берсанг, уйимга эсон-омон қайтиб борганимдан сўнг мени қаршилаб чиққан биринчи тирик жонни Сенга қурбонлик қилиб куйдираман» (Ҳакам11: 30-31).
Бу ўйламай ичилган қасам эди. Агар Йифтоҳ ҳам уйига қайтиб келганида биринчи бўлиб уни ким қутлашга чиқишини билганида, Худога бундай қасам ичмаган бўларди. Унинг бу хатоси унга жуда қимматга тушди. Худо Оммон халқини Йифтоҳга таслим қилди. Йифтоҳ уйига қайтиб келганида, қизи чилдирма чалиб, ўйнаганча, уни қаршилаб чиқди. Бу қиз унинг ёлғиз фарзанди эди. Йифтоҳ уни кўргач, қайғу-аламдан кийимларини йиртди, аммо бунинг фойдаси йўқ эди. Йифтоҳ Худога берган ваъдасининг устидан чиқди. Ўша воқеадан кейин ҳеч қачон қасам ичмасликка қарор қилган бўлса, ажаб эмас. Бундан хулоса шуки, гапирадиган гапларимизни Худонинг олдида ҳам одамлар олдида ҳам ўйлаб гапиришимиз, ҳуда-беҳудага ваъда беравермаслигимиз керак. Азизлар сиз ҳам бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб, ҳаётдан олган сабоқларингизни биз билан бўлишишингиз мумкин.