3:23

Гуноҳнинг ниши

MP3

«Лекин ҳар ким ўзининг эҳтиросига берилиб, алданиб васвасага дучор бўлади. Кейин эса эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга сабаб бўлади» (Ëқуб 1:14-15)

Биз кўп марта ҳаётимизда бўладиган қийинчиликлар ҳақида гаплашганмиз. Ҳаётимизда бўладиган қийинчиликларнинг ҳаммаси ҳам гуноҳларимиз натижаси эмас. Аммо билиб-билмай ёки Худонинг каломида ёзилганларига қарши чиқиб қилган гуноҳларимиз оқибатида анчагина тўлов тўлашимизга тўғри келади. Энг ёмони бу гуноҳнинг оқибатини фақат биз эмас, оила аъзоларимиз ҳам биргалашиб тўлашига тўғри келади. Эски Ахд китобида Худонинг айтганлари ёдингиздами? «Менинг қонунларимга амал қилганларни авлодларини ҳам баракалайман. Қонунларимга амал қилмаганларни эса…»

Худонинг қонунига амал қилмаган кишиларнинг ҳоли нима бўлиш маълум. Бундайлар Худонинг лаънатига дучор бўлади. Энг ёмони бу лаънат уларнинг бир неча авлодигача етиб бориши мумкин. Худо Унга итоатсизлик қилганларни жазосиз қолдирмайди. Бўлади, баъзида хато қиламиз, гуноҳ қиламиз, аммо, Худо қачон хато қилишимизни ва бизни жазолашни кутиб ўтирар экан деб ўйламанг. Худо бизга ёмонликни раво кўрмайди, аммо ўз эҳтиросларимизга берилиб, васвасага тушиб, уни енголмай гуноҳ қилиб қўйямиз. Бу гуноҳ эса етилиб, бир куни катта бир ҳалокатни етаклаб келади. Бир марта гуноҳни ўз қучоғига олган киши ҳеч қачон унинг ҳалокатли оқибатларидан қутула олмайди. Гуноҳ унинг вужудига ёпишиб олиб, инсоннинг руҳий, жисмоний ҳаётини барбод қилади. Гуноҳни саратон касаллигига ўхшатиш мумкин. У шундай ишлайди.

Ҳаворий Павлус Римликларга ёзган мактубида шундай сатрлар бор: «Оҳ, мен шўрлик ода! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан? – Худога шукр, Раббимиз Исо Масиҳ соясида Ўзи қутқаради» (Рим 7:24-25). «Ўлимга гирифтор» деганда Павлус нимани назарда тутган экан. Ўлимга маҳкум этилганликними? Бу ибора ўша пайтларда қўлланган даҳшатли қатл турини тасвирлайди. Римликлар ўлимга маҳкум қилинган кишининг танасига ўлган маҳбуснинг жасадини боғлаб қўйишарди. Ўлимга маҳкум киши ҳеч қанақасига бу жасаддан қутулолмасди. Жасад аста-секин чириб, тирик инсон танасини ҳам айнитарди. Бақт-ўтган сари тирик инсон танасида турли инфекциялар пайдо бўлиб, бутун танага ёйилар ва махбусга ҳаддан ташқари оғриқ берарди. Шу тариқа маҳбус секин ва даҳшатли ўлим топарди.

Павлус мана шуни назарда тутган эди. Гуноҳ ҳам бизнинг танамизга шундай кириб олиб, аста-секин бизни чирита бошлайди. Кейин эса гуноҳнинг бу оқибатларидан қутулишимиз қийин бўлиб қолади. Шунинг учун Худонинг каломларини, қонунларини билган ҳолда, гуноҳ қилишдан тийилиш ва қилишдан олдин унинг оқибатлари ҳақида чуқур мулоҳаза қилиш зарур. Оилавий инсон қилган гуноҳи оқибатида ўз азоб чекса бир қийналади, аммо гуноҳининг оқибати болаларига урса минг қийналади. Худога бўйсуниб ҳаёт кечириш, қийин бўлса-да, ҳалокатли оқибатлардан ҳоли. У бизнинг ўсишимиз учун қийинчиликлар берса-да, бунинг иложини ҳам беради. Гуноҳ оқибатлари ҳақида бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиздан кўпроқ маълумот топишингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top