3:19

Худонинг Каломи

MP3

Бу аёлни таниганимда ҳаёт ва Худо ҳақида кўп нарса билмасдим. Бошқа шаҳарга кўчиб борган ва қўшниларни яхши танимасдик. Бу аёл кўчиб борган кунимиздан бизга яхши муомалада бўлди. У билан яхши чиқишиб қолдик. У бизга қаерда нима борлигини, шаҳарнинг у ёки бу жойига қандай транспорт билан боришимизни яхшилаб тушунтирди. Унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам ҳарбий хизматда эди. Биргина фарзанд билан 50 ёшни қоралаб қўйган бу аёл жуда оддий эди. У қишлоқ аёлидай гапирса ҳам фикрларида Худонинг донолиги бор эди. У бизникига тез-тез овқат кўтариб чиқар, ўз навбатида идишини қайтариш учун мен ҳам пиширган яхши овқатларимдан олиб чиқардим. Бир куни унинг уйида одатдагидан кўпроқ ўтириб қолдим.

Уйига яхшилаб разм солдим Китоб шкафига бир қатор турли хил китоблар териб қўйилганди. Унинг гап сўзларидан китоб ўқишни яхши кўришини аллақачон билиб олгандим. Бир пайт, китоблари орасида Муқаддас Каломга кўзим тушди. Жуда хурсанд бўлдим. Кўчган пайтимизда китобни қаерга қўйганимни билмай, тополмай юрган пайтларим эди. Ундан: «Бу китоб кимники», -деб сўрадим. У эрининг совғаси экан. У бу китоб қандай қилиб қўлига тушганини эринмай ҳикоя қилиб берди. Айтишича, ўшанда бу китобни олганига 4 йил бўлган экан. Айтанча унинг эри қайсидир заводда ишларди. Ҳозир ёдимда йўқ, аммо унинг турмуш ўртоғини бир-икки марта кўргандим. Бир куни эри уйга мана шу китобни олиб келибди. Бу китобни оддий ҳикоя китоб деб ўйлаган аёл ўқиб кўриб, унинг бошқа китоблардан бошқачалигини англабди.

Эридан бу қандай китоб, деб сўрабди. Эри эса заводда унга бир ҳамкасби берганини айтибди. Китобнинг мазмунига тушунмаса ҳам уни бошдан охиригача ўқиб чиқибди. Ўқиб чиққач бу қандайдир илоҳий китоб эканини тушунибди. Кейинги сафар ўқишдан олдин эса Худодан унга тушунмаган нарсаларини тушунтиришни сўраб оддийгина ибодат қилибди. Бу сафар ўқиганида Худо унга Исо Масиҳ ҳақида кўпроқ тушунтирибди. Гарчи, бу аёл тавба ибодатини айтиб, Исо Масиҳни Нажоткори деб қабул қилмаган бўлса-да, У ҳақида китобда нимаики ёзилган бўлса, барига ишонишини айтди. Биз ўша куни узоқ вақт Калом ва Худо ҳақида суҳбатлашдик. У бу китоб ҳақида суҳбатлашадиган шерик топганидан жуда хурсанд эди. Шундан кейин ҳар сафар кўришсак, Калом ҳақида узоқ суҳбатлашадиган бўлдик.

Қўшни аёл ҳам ўқиганларини менга айтиб берар, тушунмаганларини мендан сўрарди. Билмаганларимизни Худодан сўраб билиб олишга келишардик. У аёл ҳақида ўйлар эканман, Худонинг нақадар донолик билан, инсон ҳаёлига келмаган йўллар билан ишлашини эслайман. У аёлга ҳеч ким Хушхабар айтмаган. Худо шунчаки кимдир орқали унга Калом етказган. Ҳатто эри ҳам бу китобни очиб ўқимаган, чунки очиб ўқишга унда қизиқиш ҳам, вақт ҳам бўлмаган. Аёл Каломни ўқир экан, Худонинг Ўзи унинг юрагида ишлаб, бу ёзилганларнинг ҳақиқат эканини англатган. Ҳеч кимнинг ёрдамисиз, қистовисиз, унинг ўзи Каломда ёзилганларга ишонишга қарор қилган. Баъзан шундай ҳам бўлади. Ҳамма ҳам бир хил йўл билан имонга келмайди. Баъзилар ҳатто тавба ибодатини қилмаган бўлса ҳам, ўзларининг гуноҳкорлигини, Худонинг қудратини ва Исо Масиҳнинг дунёни гуноҳини олиш учун келганини тан оладилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top