MP3

«Шу орада тарқалиб кетганлар Инжил Хушхабарини тарғиб қилиб юришди. Филипп Самария шаҳрига келиб, унинг аҳлига Масиҳни тарғиб қилди» (Ҳав 8:4).

Ассалому алайкум. Ўтган галги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, Исо Масиҳнинг ҳаворийларидан бири бўлган Филипп ҳақида гаплашган эдик. Каломдан унинг қандай инсон бўлганини билиб олгандик. Хўш, у қандай инсон бўлган экан? Калом уни «синалган, Муқаддас Руҳга ва ҳикматга тўла» инсон деб таърифлайди. Синалган инсон бўлиш жуда яхши. Ҳар кимнинг ҳам ёнида синалган дўсти бўлса, бундай инсон қийин дамларда доимо дўстига суяниши мумкин. У чиндан ҳам доно, синалган, Муқаддас руҳга тўла, ёмонликдан, адолатсизликдан нафратланадиган, эски ўзлигидан воз кечиб, ҳаётини бутунлай Масиҳга бағишлаган ҳаворий бўлган.

Аммо энг муҳими у Исога юз фоиз ишонарди. Фақат у эмас, бошқа ҳаворийлар ҳам, илк жамоат имонлилари Исога ва Унинг хушхабарига юз фоиз ишонишган. Исонинг Нажоткор ва Шоҳлар Шоҳи, юборилиши ваъда қилинган Масиҳ эканига шубҳа қилмай ишонишган. Кундалик эҳтиёжларни имонлилар ва уларнинг оилаларига адолат билан бўлиб бериш учун танланган етти вазифадордан бири Стефанни Кенгаш аъзолари тошбўрон қилиб ўлдиришди. Шундан кейин Қуддусдаги имонлилар жамоатига қарши кескин қувғин даври бошланди. Бу даврда Филипп қаерга кетди? Калом уни Самарияга кетди деб айтади. «Филипп Самария шаҳрига келиб, унинг аҳлига Масиҳни тарғиб қилди.» (Ҳав 8:5). Филипп қаерга борса ҳам, Исо Масиҳнинг охирги топшириғини унутмаган, Исога ва Хушхабарга садоқатли ҳаворий эди.

Худо Самарияда у орқали ажойиб ишларни қилди. «Филиппнинг сўзини тинглашиб ва қилаётган мўъжизаларини кўришиб, бутун халқ унга қулоқ солди. Чунки ёмон руҳларга гирифтор бўлган кўп кишилардан руҳлар баланд овоз билан бақириб чиқар, анчагина шолу чўлоқлар эса шифо топарди. Шундай қилиб, у шаҳарга катта хурсандчилик келтирди». Бу оятлардан уни Исо Масиҳнинг ҳақиқий шогирди бўлган, десак бўлади. Чунки Исо ҳали улар билан бўлган пайтда шундай деган эди: «Менга ишонган одам, Мен қилган ишларни, ҳатто ундан ҳам каттароғини қилади». Филипп Исога чин дилдан ишонган. Ўз навбатида камтар ва ҳақиқатгўй инсон бўлган. Чунки, мана шундай мўъжизаларни қилиб туриб ҳам мағрурланмаслик қийин. У бу мўъжизаларни кимнинг кучи билан қилаётганини биларди ва халққа Исонинг номини ва Хушхабарини тарғиб қиларди.

Шу камтарлиги, Хушхабари билан борган жойида одамларга хурсандчилик улашди. Исонинг қудрати ва номи билан шолларни, чўлоқларни, ёвуз руҳга чалинганларни шифолади. «Худонинг Шоҳлиги ва Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни келтирган Филиппни тинглашиб, кўп эркак ва хотин унинг сўзига ишонди ва сувга тушиб имон келтирди.» Ўша шаҳарда сеҳргарлик билан ном чиқарган Симон исмли киши ҳам ишониб, Филиппдан ажралмайдиган бўлиб қолди. Самарияликлар имонга келгани билан ҳали Муқаддас Руҳга тўлмаган эди. Шунинг учун ҳам Петр билан Юҳанно келиб, уларнинг бошига қўлларини қўйишди. Шу заҳоти Самариядаги имонлилар Муқаддас Руҳга эга бўлишди. Сиз ҳам Муқаддас Руҳнинг ишлари ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга ташриф буюринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top