Ассалому алайкум. Оғир кунларингизда кимдир ёнингизда бўлиб, сизга далда берса, сиз билан бирга бўлиб, қайғунгизга шерик бўлса, қандай яхши. Бундай пайтда қийинчилигингиз бироз енгиллашгандай бўлади. Бироқ, Исо Масиҳда ундай бўлмаганди. Исо Ўзини тутиб беришларини ва хочга михлашларини яхши биларди. Аслида шу учун ерга келганди. У Илоҳий Зот бўлишига қарамай, оддий инсон танасида эди. Тана эса азоб чекади. У мана шундай охирги кунларни бир Ўзи ёлғиз ўтказаётган эди. Йўқ, у бутунлай ёлғиз эмасди, атрофида ҳар доим бир иккита шогирди бўлган, бироқ улар ҳам Исо Масиҳни тушунмас ва далда беролмас эди. Шунга қарамай, Исо Масиҳ Худо унга берган вазифани бажаришга тайёр эди. Уни Зайтун боғида ушлаб олишганида, қаршилик қилмай, ўзини уларнинг иҳтиёрига топширди. Бундан кейин Уни қандай азоблар кутаётганини У яхши биларди. Аммо шогирдлар Унга ҳеч қандай ёрдам бермадилар.
Мана эшитинг, Калом бу ҳақида нима дейди: «Шундан кейин Исо шогирдлари билан бирга Гетсемания деган жойга келди ва уларга: — Мен нарироқ бориб ибодат қилгунимча, сизлар шу ерда ўтириб туринглар, — деди. Петр билан Забадийнинг икки ўғлини Ўзига ҳамроҳ қилиб олган Исо руҳан сиқилиб, андуҳ чека бошлади. У ёнидагиларга: — Менинг жоним ўлим олдидалигини сезиб, жуда қийналмоқда. Шу ерда қолиб Мен билан бирга сергак туринглар, — деди. … У шогирдлари ёнига қайтиб келганида, уларни ухлаб ётган ҳолда кўрди…» (Мат 26:36—38,40).
Кечки Фисих таомидан кейин Исо ўн бир шогирди билан Гетсемания деган жойга келди. У ўзи билан уч шогирдини олиб, Зайтун боғи томон кетди. Исо ўлим олдидан жуда сиқилаётган ва энг яқин шогирдларининг далдасига муҳтож эди.
Бироқ улар ҳам Исога далда беролмадилар. Исо улардан нарироқ кетиб, шундай ибодат қилди: «Эй, Ота! Агар мумкин бўлса, бу заққум коса Менинг ёнимдан ўтиб кетсин. Лекин Мен истагандек эмас, Сен истагандек бўлсин, — деди.» (Мат 26:39). Нега Исо Масиҳ «мумкин бўлса, бу заққум коса Менинг ёнимдан ўтиб кетсин», — деди экан? У Ўзини олдинда кутиб турган азобларнинг қанчалик оғриқли ва даҳшатли эканини биларди. Уни олдиндан ҳис қиларди. Инсоний танаси буни ҳис қилиб, бундан чўчиган бўлса ажаб эмас. Аммо руҳан сиз ва менинг гуноҳларим учун қурбон бўлишга тайёр ва рози эди. Биласизми, назаримда Гетсемания боғида Исони қаттиқ азоблаган нарса уни кутиб турган хочдаги азоб эмас эди. У ҳаётининг энг қийин ва азобли кунларида ёлғиз қолишини, шогирдларининг ҳаммаси, ҳатто энг яқинлари ҳам уни ташлаб кетишини олдиндан биларди.
Ҳаётнинг қоронғи ва азобли кунларида ёлғиз қолиш, бу кунларни ёлғиз бошдан кечириш икки карра азоб ҳисобланади. Шогирдлари уни қўллаб қувватлашга куч тополмасдилар. Уни тутиб олишларидан олдин энг яқин шогирдлари ҳам ғамга ботган ва сергак эмас эдилар. Маълум бўлишича, инсон ғамга ботганида уйқуга мойиллик сезар экан. Менимча, ёқимсиз кунларни уйқуда ўтказиш яхшироқ, деб хисобласа керак. Исо уларни қанчалик огоҳлантирмасин, ҳар сафар ибодат қилиб қайтганида уларни ухлаб ётган ҳолда кўрди. Биз ҳам қийин дамларда хушёр ва сергак бўлиб, Отамиз Худога ибодат қилишда давом этишимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Худога: «Мен истагандек эмас, Сен истагандек бўлсин», — дея олайлик. Бу ҳақида фикрларингиз бўлса www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали биз билан боғланинг.