Ассалому алайкум. Исо Масиҳнинг шогирдлари энг омадли ва бахтли инсонлар бўлишган. Матто, Марк ва Юҳаннолар Исо Масиҳни яқиндан кўриб, у билан ҳамсуҳбат бўлган инсонлардир. Матто солиқчи бўлса-да, яхши даромад кўрадиган ишини қолдириб, Исога эргашди. Марк Исонинг шогирди Барнабонинг жияни ва Петрнинг шогирди эди. Тахминларга кўра, у ҳам Исо Масиҳни кўрган ва у билан суҳбатлашган. Энг яқин шогирдлар Устозларининг ердаги охирги кунларини ўз кўзлари билан кўриб, бизга ишонарли қилиб ёзиб қолдиришган. Исо Масиҳ ибодат қилиш учун Зайтун тоғига шогирдлари билан бирга боради. Уни ҳибсга олишганида, ўша ерда шогирдлари ҳам У билан бирга эди. Шогирдларининг ҳаммаси бўлмаса-да, баъзилари Исонинг ва аскарларнинг ортидан эргашиб, Каяфанинг ҳовлисигача боришди. Руҳонийлар ва Яҳудий оқсоқоллари кенгашиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилишди.
Нега солиҳ кишини энг олий жазога ҳукм қилишди? Исони нимада айблашди? Нега улар Исодан нафратланишарди? Буларнинг барига Олийруҳонийлар ҳақида кўпроқ билиб олгач, жавоб топамиз. Ўша пайтда яҳудийларнинг ўз кенгаши бўларди. Бу Олийруҳонийлар ва оқсоқоллар кенгаши эди. Бу Кенгашда 70 та аъзо бўлиб, етмиш биринчиси кенгашни ва халқни бошқарадиган олийруҳоний эди. Бу кенгашда учта: Фарзийлар, Саддуқийлар, яъни руҳонийлар ва яҳудий оқсоқоллари гуруҳи бор эди. Улар шанба ва байрам кунларидан бошқа ҳар куни йиғилишиб, халқ орасидаги муаммоларни ҳал қилишар ва жиноятчиларга қандай жазо беришни белгилашарди. Улар ўзларича ҳукм чиқаришди-ю, барибир қонунан бўлиши учун римлик ҳукмдорнинг олдига ҳам олиб бориб, расман унинг рухсатини ҳам олишлари керак эди.
Исо Масиҳнинг шогирди Лука шундай деб ёзади: «Бутун Кенгаш аъзолари туриб, Исони Пилатнинг олдига келтирдилар. Улар айбловни бошлаб: — Биз бу Одам халқимизни йўлдан оздираётганини аниқладик. У Қайсарга солиқ тўлашни ман этиб, Ўзини Масиҳ, — яъни подшоҳ деб айтмоқда- дедилар. … Пилат олийруҳонийларга ва халқ йиғинига хитобан: — Мен бу Одамда ҳеч қандай айб кўраётганим йўқ, — деди.» (Лука 23:1-2,4). Римлик ҳоким Пилат ҳам Исодан ҳеч қандай айб тополмади. Уни калтаклаб бўшатиб юбормоқчи бўлди. Бироқ оқсоқоллар, руҳонийлар ва бошқа халқ аъзолари Пилатдан уни жазолашни ва унинг ўрнига, энг ашаддий жиноятчи Бараббани чиқариб юборишни талаб қилишди. Хўш, нега Исога айнан хочга михлаш жазосини беришди?
Биринчидан, Исонинг хочга михланиши Эски Ахд пайғамбарлари томонидан башорат қилинганди. Иккинчидан эса, бу жазо римликлар томонидан ўйлаб чиқарилган бўлса-да, яҳудийлар ўз қардошини энг оғир ва шармандали жазога лойиқ, деб топишди. Уларнинг бу қарорида Олийруҳонийлар Кенгашининг ҳиссаси катта бўлган. Улар Масиҳдан қўрқишарди. Бунга учта сабаб бўлган. Биринчиси, халқ олдида обрўлари тушиб, халқни ўзлари ортидан эргаштиролмай қолдилар. Ҳамма Исо ҳақида гапирар ва Унинг ортидан эргашадиганлар сони кундан-кунга кўпаярди. Иккинчиси сиёсий сабаб эди. Аниқроғи, халқ Исони бўлажак подшоҳ, деб ҳисоблар ва бизни римликлар зулмидан озод қилади, деб умид қиларди. Бу эса уларга ташвиш келтириши мумкин эди. Ундан ташқари, Исо халқнинг кўз ўнгида олийруҳонийлар ва уламоларнинг ҳақиқий юзини очиб ташлади. Шу сабабли, улар Масиҳга энг олий жазони беришга эришишди. Азиз тингловчи бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизда сиз учун энг қимматли маълумотлар бор.