3:14

Юрагингиз Худонинг хузурида тўғри бўлсин

MP3

«Бу киши бир ерни сотиб, хотинининг розилиги билан ўша пулдан бир қисмини олиб яширди, бир қисмини эса келтириб ҳаворийларнинг ихтиёрига топширди» (Ҳав 5:1-2).

Ассалому алайкум. «Эр-хотин қўш ҳўкиз» деган нақлни эшитганмисиз? Эр-хотин бир оила экан, кўп ҳолларда бирор бир ишни маслаҳатлашиб қилишади. Албатта, хотини билан маслаҳатлашмайдиган, умуман қиладиган ишини хотинига билдирмайдиган эрлар ҳам топилади. Аммо, бугун ҳамма ишни бирга маслаҳатлашиб қиладиган оилалар ҳақида гаплашмоқчимиз. Эр-хотин бирор бир қарорга келишдан олдин, бир-бирининг фикрини эшитгани ва энг охирида оқилона бир фикрга келиш жуда яхши. Кўпгина ибратли оилалар мана шундай иш тутадилар.

Бироқ, баъзи оилаларда, хотин киши, эрининг тўғри қарорига қаршилик қилади. Айниқса, гап оилавий маблағ ҳақида кетганда. Аёл кишини оилавий маблағнинг қўриқчиси дейиш ҳам мумкин. Шунга қарамай, ҳар бир аёл турмуш ўртоғига у ёки бу маслаҳатни беришдан олдин, Худодан сўраши, ўзини ҳам турмуш ўртоғини ҳам бошқариши учун ибодат қилса яхши бўлади. Албатта ҳар бир аёлнинг боши бу эр, аммо эрнинг бошлиғи – Худо. Худо ҳукмрон бўлган оила – энг бахтли оила ҳисобланади.

Сиз Ҳаворийлар китобида ёзилган Ҳанания ва Саффира деган эр-хотинлар ҳақида эшитгансиз. Шундай бўлса ҳам, уларнинг ҳикоясини қисқагина айтиб ўтамиз. «Инонганларнинг жамоати бир жон, бир тан эди. Ҳеч бири мулкидан бирор нарсани меники демас эди, ҳамма нарсани умумий деб билишар эди. …

Яна Ҳанания деган бир киши билан хотини Саффира бор эдилар. Бу киши ерни сотиб, хотининг розилиги билан ўша пулдан бир қисмини олиб яширди, бир қисмини эса келтириб ҳаворийларнинг ихтиёрига топширди. Петр унга деди: — Эй Ҳанания, нега энди сен шайтонга юрагингни бой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг, ернинг пулидан бир қисмини олиб яширдинг? Сотишдан аввал у сеники эмасмиди? Сотилгандан кейин ҳам пули сенинг ҳукмингда эмасмиди? Нима учун дилингда бундай ният қилдинг? Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг. Ҳанания бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди.» Ҳананиятнинг хотини келгач, Петр ундан ҳам ерни қанчага сотгани ҳақида сўради. Саффира ҳам эри билан келишиб олганидай, жавоб берди. Петр эса: «Нега сизлар Тангри руҳини синаб кўришга келишдингизлар?» — деди. Аёл ҳам ўша онда жон берди.

Эр-хотин бирга келишиб иш қилгани яхши, аммо бу иш Худонинг олдида тўғри бўлиши, виждонига қарши турмайдиган бўлиши керак. Агар эр тўғри қарор қилаётган бўлса, хотини унга ҳалал бермаслиги керак. Агар хотин киши Худонинг Каломига асосланган ҳолда тўғри қарор ва тўғри иш қилаётган бўлса, эр ҳалал бермаслиги керак. Эр-хотиннигн бир-бирига бўлган муносабатида ҳам, эр-хотининг бошқаларга бўлган муносабатида ҳам ёлғон аралашмаслиги керак. Сулаймон маталлари шундай дейди: «Эгамиздан қўрқиш – мустаҳкам қалъа, фарзандларига ҳам Ўзи паноҳдир». (Матал 14:26). Худодан қўрқиб тўғри иш қилган, тўғри гапирган одамнинг ўзи ҳам фарзандлари ҳам Худонинг паноҳида бўлади. Қайси оила шундай Қалъани истамайди?! Агар сиз ҳам Худонинг паноҳида бўлишни истасангиз, Худо йўлида сўзингизга ҳам, юрагингиз ҳам тўғри бўлсин. Бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга донолик улашади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top