3:27

Бола билан вақт

MP3

Ассалому алайкум. Бугунги кунда боласининг телевизор ва комьютер ўйинларигa ҳаддан ташқари берилиб кетганидан нолимайдиган ота-онани учратмайсиз. Интернет клублари интернетга фойдали маълумот излаб кирган ўқувчилардан кўра, ўйин ўйнаётган ўқувчиларга тўла. Интернет ўйинлари, чат ва шунга ўхшаш саҳифалар ўсмирларнинг тарбиясига салбий таъсир этмоқда. Ўсмирлар ўртасида содир этилаётган турли жиноий ишлар ва тартибсизликларга уларнинг кўнгилочар саҳифаларга ружу қўйгани, эртаю кеч интернет клубларда ўйин ўйнаб кун ўтказаётгани ҳам сабабдир. Интернет ўйинларининг барчаси эзгуликка йўналтирилган, дея олмаймиз. Албатта интернет ўйинлари орасида, болаларнинг фикрлашини, билимини кенгайтирадиган ўйинлар ҳам бор, бироқ бу ўйинларга болалар негадир қизиқишмайди.

Болангизни ўзбошимча, қулоғи қаттиқ бўлиб қолишидан асрамоқчи бўлсангиз, уни шахмат ёки шашка ўйинларига қизиқтиринг. Бунинг учун бола компьютер ўйнаётган пайтда, эр-хотин ёнида ўтириб шашка ўйнанг. Ўйин маҳали овоз чиқариб, табассум билан берилиб, доналарни ҳаракатга келтиринг. Биринчи кун у умуман эътибор бермаслиги мумкин, эртасига ўйинни яна давом эттиринг. Ўйин маҳали қувониб, шундай бир оҳангда гапирингки, фарзандингиз ота-онаси ўйиндан нега бунча хурсандлиги ҳақида ўйлаб қолсин. Шунда у ўйин жараёнини кузата бошлайди. Ўзингизни унга эътибор бермагандай тутинг. «Кел», деган сўзни ҳам айтманг. Унинг ўзи сизнинг ўйинингизга аралашишни истаб, оғиз жуфтлайди. Шундагина у билан шашка ёки шахмат ўйнанг. Вақт ўтиб, у компьютерга ҳуда-беҳуда талпинавермайдиган бўлади.

Сиз ўйинларга қизиқмайдиган жиддий инсондирсиз, аммо болангиз руҳиятини тарбиялаш олдида шахмат ўйнаш нима деган гап?! Шахмат неча асрлик ўйин тури. Қадимда шоҳлар бежизга бу ўйин билан машғул бўлишмаган. Чунки у ақлни чархлайди, инсонни тиниқ фикрлашга даъват этади. Шахмат боланинг руҳий ривожига ҳам ижобий таъсир этади ва унинг математик қобилиятини оширади.

Агар ўсмир болангиз эрта-ю кеч кўчада юриб, уй юмушларини вақтида бажармаса, бу ҳолат ҳам унинг уйидан узоқлашиши сабабларидан биридир. Ҳаммаси шундан бошланади. Олдини олиш учун болангизга кўпроқ вақт ажратинг. Уни табиат қўйнига олиб чиқинг. Масалан, балиқ овига, боққа мева тергани ва шунга ўхшаш ерларга олиб боринг. Ўсмир бундай ерларда руҳан тинчланади. Унинг ҳаёли кўп нарсага эмас, бир мақсадга – балиқ овлаш, мева териш ва шу каби ишларга йўналтирилган бўлади.

Ўсмирга ҳеч қачон бақириб, мажбурлаб иш қилдирманг. Қил устида турганда уни баттар ёмон ҳолатга рўбарў қилманг. Ов пайти ҳам унга танбеҳ беришдан ўзингизни тийинг. Унинг бутун диққатини кўлга ва балиқ овига жалб қилинг. Ўсмир балиқ овлаётганда, ҳамма нарсани унутади. Сукунат унинг миясига дам беради. Натижада, фарзандингизнинг руҳий озорлари тарқаб, сиз билан ҳам муносабати ўз ўрнига туша бошлайди. Албатта ишдан ортиб, болага вақт сарфлаш бугунги куннинг энг катта муаммоларидан бири бўлиб қолган. Тез суратда илгарилаётган ҳаёт тарзида, болага вақт ажратиб қолиш фақат оқил ота-оналарнинг қўлидан келади. Сиз ҳам фарзандингиз тарбияси билан қизиқсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга ташриф буюринг. Бу сайтлардан сиз ота-оналарга керакли бўлган кўпгина маълумотларни топасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top