Рим Империяси, эрамизнинг 95 йили. Бу гувоҳлигимиз Исо Масиҳнинг энг севимли шогирди Юҳанно ҳақидадир. Бу шогирднинг ҳаётининг охирги кунлари ҳавас қилгулик бўлмаган. Бу ҳақида билишдан олдин, Муқаддас Каломдан бу шогирд ҳақида бир муҳим парчани ўқиб бермоқчиман: «Пётр бурилиб, Исонинг шогирди орқаларидан эргашиб келаётганини кўрди. Бу кечки зиёфатда Исонинг бағрига бош қўйиб: «Раббим, Сени ким тутиб беради?» — деб сўраган шогирди эди. Петр уни кўриб Исодан: — Раббим, унинг тақдири нима бўлади? – деб сўради. Исо унга: — Агар Мен келгунимгача унинг соғ қолишини истасам, бундан сенга нима? Сен Менинг орқамдан юравер, — деди. Шундай қилиб, биродарлар орасида бу шогирд ўлмайди, деган гап-сўз тарқалиб кетди. Ҳолбуки, Исо уни ўлмайди, демаганди. У фақат: «Агар Мен келгунимгача унинг соғ қолишини истасам, бундан сенга нима», — деб айтган эди.» (Юҳ 21:20-23)
Шундай қилиб, ҳаворий Юҳаннони қариганида катта майдонга оломон қаршисига олиб келишди. Жарчи уч марта: «Мана, Исо Масиҳнинг шогирди Юҳанно», деб жар солди. Оломон қийқириб қаршилади. Уларнинг бари, ҳаворийларнинг энг охиргиси ўлимни қандай қарши олишини кўриш учун йиғилганди. Рим Императори қария Юҳаннога тикилди: «Демак, Исо Масиҳнинг севимли шогирди Юҳанно сен экансан-да. Ўлишга тайёрмисан?». Қария Юҳанно жавоб бермасидан олдин бир офицер Императорга яқинлашиб, қулоғига: «Эшитган бўлсангиз керак, халқ ва Масиҳнинг издошлари орасида, бу одам Исо Масиҳ келгунига қадар ўлмайди, деган гаплар юради», — деб шивирлади. «Ҳа, эшитганман. Айтганча, Римда буни ҳамма билади»- деди Император. «Бу Масиҳийлар ўта қайсар ва иримчи бўлишади. Бугуноқ уларнинг бу гапи сафсата эканини исботлайман. Энг охирги ва ўлмайди, деб юришган ҳаворий Юҳанно бугуноқ ўлади.»
«Бироқ уни қандай ўлдирамиз» — дея Императорга юзланди офицер. Чунки масиҳийларнинг кўпчилиги турли хил жазолардан кейин ҳам омон қолганини ўз кўзи билан кўрганди. «Масиҳийларни шерлар орасига ҳам ташлаб кўрганмиз. Баъзи бирларини ҳатто шерлар ҳам ўлдира олишмаган. Уларнинг таналарини олов ҳам куйдира олмаган.»
«Бошларини танасидан жудо қилиш буларга тўғри келмайди. Бу жазо фақат римликлар учун қўлланилади» — деди Император. Бир четда уларнинг суҳбатини тинглаб турган бош жаллод таклиф киритди: «Агар уни қайнаб турган ёғ тўла қозонга ташласак-чи? Бундан тирик чиқмаслиги аниқ.» Император бош силкитиб, розилигини билдирди: «Ëғ тўла қозонга ўт қаланглар!». Хизматкорлар қозонга ўт қалашни бошлашди.
Жарчи халққа қарата ҳукм турини эълон қилди: «Ҳаворий Юҳанно қайноқ ёғ тўла қозонга ташланади!» Оломон бу эълонни хурсандчилик билан қабул қилди. Улар Исонинг севимли шогирди Юҳаннонинг ўлимини кўришга иштиёқманд эдилар.
Хўш, ҳаворий Юҳанно чиндан ҳам ўладими? Қандай ўлим топади. Агар бу гувоҳликнинг давомини тинглашни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатимизни албатта тингланг. Дарвоқе, сиз ҳам ўз гувоҳлигингизни биз билан бўлишишингиз мумкин. Бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали биз билан боғланишингиз мумкин. Сиздан хабар кутиб қоламиз.