MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ҳаворийлар китобининг 18 бобида Апполос исмли киши ҳақида ёзилган. У ким эди? Павлусга қаршилик қиладиган сеҳргарлардан бири эдими? Ундай эмас. Апполос ҳақида ёзилган парчани ўқиб чиқсангиз, у ҳақда анча қизиқ ва бошқа имонлиларнинг ҳаётига ўхшамайдиган бир қизиқ маълумотга эга бўласиз. У асли Искандария шаҳридан бўлган. Бу шаҳар ҳозирги Миср ҳудудида жойлашган. Каломда у ҳақида парча шундай бошланади: «Шу орада асли искандариялик бўлган Апполос исмли бир киши Эфес шаҳрига келди. У гапга чечан, Тавротни яхши билган бир яҳудий эди. Бу одам Раббимиз Исо йўлида тарбия олган бўлиб, бу ҳақда тўғри ва оташин руҳ билан таълим берар эди. Лекин у фақатгина Яҳё пайғамбар тарғиб қилган сувда тавба қилиш усулини билар эди. Яҳудийлар ибодатхонасида жасорат билан ваъз айтадиган бўлди» (Ҳав 18:24-26).

Нарратор 2 У асли искандариялик бўлса ҳам Эфес шаҳрига бир мақсад билан келган эди. Калом уни гапга чечан, Тавротни яхши билган бир яҳудий деб таърифлайди. Тавротни яхши билган киши, Тавротда Исо Масиҳ ҳақида ёзилганларини ҳам яхши билган. Исога қаттиқ ишонишининг сабаби эса, Уни шаҳсан танимасада, У қилаётган ишларни кўриб, таълимотини эшитиб, Унинг Худо юбориши керак бўлган Масиҳлигига ишонган. Яна бир тахмин шуки, у Яҳё пайғамбарнинг шогирди бўлган бўлиши мумкин. Чунки Калом уни фақат Яҳё пайғамбар тарғиб қилган сувда тавба қилиш усулини билганлигини айтади. Шунга кўра, у ҳали Муқаддас Руҳни ҳам олмаган. Худонинг ишлаши жуда ажойиб. У Масиҳни шахсан танимаган бўлса ҳам Унга ишониб, кучли иштиёқ билан Исо Масиҳ ҳақидаги хушхабарни айтаётган бу кишини энг тўғри вақтда, тўғри одамлар билан учраштирди. Худо бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай ишлайди.

Нарратор 1 Бизга нима кераклигини Худо жуда яхши билади. Ўша пайтда Апполос Муқаддас Руҳ ҳақида эшитмаган ва билмаган. Лекин қанчалик билимли, гапга чечан бўлмасин, Муқаддас Руҳнинг ёрдамисиз, Худо хизматини давом эттира олмаслигини билган Худо, уни бошқа имонлилар билан учраштирди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Апполосни тинглаган Акил билан Прискилла уни кутиб олиб, Раббимиз Исо йўлини аниқ қилиб тушунтириб бердилар.» Улар билан учрашиб, билмаганларини ўрганган Апполос хизматини давом эттириш учун Ахая юртига бормоқчи эканини билдирди. Ахая юртида ҳеч қандай имонлиларни танимагани боис, Акил билан Прискилла Ахаядаги Исо шогирдларига хат ёзиб, бу одамни яхши кутиб олишларини илтимос қилди. У табиатан жуда қизиқ ва бутунлай ўзини Исонинг хизматига бағишлаган одам эканлигини Каломдан билиб олишимиз мумин.

Нарратор 2 У ҳеч қачон бир жойда муқим турмай шаҳардан-шаҳарга кўчиб юриб, юрагидаги хушхабарни бошқалар билан бўлишган. У Тавротни яхши билгани учун унинг асосида Исонинг Масиҳ эканини ишонарли далиллар билан исбот этиб, ҳамманинг кўз ўнгида Исога ишонмаган яҳудийларнинг фикрлари нотўғри эканини фош қиларди. Апполос қайноқ юракли, Худога чанқоқ, топган ҳазинасини юрагида сақлаб туролмайдиган киши бўлган. Масиҳнинг чиндан ҳам Масиҳ эканини исботлаб беришда Худо ундан самарали фойдаланган. У Худонинг энг фойдали идиши бўлган дейишимиз мумин. Бугун ҳам орамизда Апполосга ўхшаган масиҳийларни учратишимиз мумкин. Уларнинг яшашдан мақсади Худо хизматида бўлиш. Сиз мақсадингизни аниқлаб олдингизми?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top