MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Меҳмондўстлик жуда яхши нарса. Кимнингдир уйига борсангиз, мезбон сизни очиқ юз ва самимийлик билан яхши кутиб олса, кўнглингиз яйрайди. Ўша одам ҳақида бир умр яхши сўзларни айтиб юрасиз. Яқинда бир бўлган воқеани эшитиб қолдим. Бир вақтлар уч киши жуда яхши борди-келди қилишаркан. Аммо улардан бири бошқа шаҳарга кўчиб кетгач, борди-келди узилибди. Дўстлардан бири узоққа кўчиб кетган билан учрашиб, меҳмонга боришга келишиб қўйишибди. Кунини белгилашибди, манзил ёзиб олинибди. Шундан кейин икки оила машинага чиқиб йўлга тушибди. Етиб келиб, дарвозани тақиллатишибди. Ичкаридан аёл киши чиқиб, уларни уйга бошлабди. Эркак меҳмонлар дўстимиз бир жойга иш билан кетибди-да, деб аёлларини ичкарига бошлабди. Мезбон аёл уларни жуда яхши кутиб олиб, меҳмон қилибди. Суҳбат охирида, бу уйга адашиб кириб қолишгани маълум бўлибди.

Нарратор 2 Хулоса шуки, меҳмондўстлик киши зийнатларидан биридир. Ҳаворий Павлус даврида ҳам мана шундай меҳмондўст бир аёл бор эди. У ҳақида ўқисангиз, унинг қандай аёл бўлганини кўз олдингизга келтирасиз: «Троас шаҳридан жўнаб, тўғри Самофракия ва эртаси куни Неапол шаҳрига сузиб бордик. У ердан чиқиб, Македониянинг ўша қисмидаги биринчи Рим колонияси бўлмиш Филлипи шаҳрига келдик ва ўша ерда бир неча кун туриб қолдик. Яҳудийларнинг дам олиш кунида биз шаҳардан ташқарига чиқиб, худди ўйлаганимиздек дарё бўйида ибодат қилиб турган жамоатга дуч келдик. Йиғилган аёллар билан суҳбатлаша бошладик. Тингловчилар орасида Лидия исмли художўй бир аёл бор эди. У Тиятира шаҳарлик алвон тўн сотувчи эди. Павелнинг айтаётганларини фаҳмлаши учун Раббимиз унинг қалбини очди.

Нарратор 1 Лидия ўзининг уй аҳли билан бирга сувда имон келтиргандан сўнг бизни меҳмон қилмоқчи бўлди. – Агар сизлар мени Раббимиз Исога имон келтирган деб ҳисобласангизлар, уйимга кириб ўтинглар, — деб бизни кўндирди» (Ҳав 16: 11-15). Павлус билан ҳамроҳлари шаҳардан ташқарига чиқиб, дарё бўйида йиғилиб ибодат қилиб турган аёлларга дуч келишди. Ўша пайтда одамлар Эски Ахд ва Худонинг қонунлари ҳақида яхши билишган. Аммо Исо Масиҳ ҳақида ҳали эшитишмаган эди. Павлус уларга Хушхабар айтар экан, Худо аёллардан бирининг юрагини очди. Нега айнан Лидиянинг юрагини очди. Калом «Павелнинг айтаётганларини фаҳмлаши учун Раббимиз унинг қалбини очди», — деб ёзилган. Ундан ташқари Калом уни художўй аёл эди, дейди. Худога ишонадиган, солиҳ ҳаёт кечиришга ҳаракат қиладиган аёл бўлгани аниқ.

Нарратор 2 Ундан ташқари Павлус Исо Масиҳ ҳақида айтаётганда, у ўзини қандай тутган. Агар Лидиянинг ўрнида бўлганингизда ўзингизни қандай тутардингиз? Художўй бўлганингиз учун ҳам Павлусдан Худонинг қилган ишлари ҳақида эшитиб, уни яхшилаб тушуниб олишни истардингиз. Тушунмаётган бўлсангиз, яхшироқ тушуниб олишга уринардингиз. Лидия ҳам шундай қилгани аниқ. У Павлуснинг айтаётганларини тушунишни истаган, шунинг учун ҳам бошқа аёлларни эмас, Худо айнан Лидиянинг қалбини очди. Имонга келгач, Павлус билан ҳамроҳларини меҳмонга чақирди. Бундан унинг меҳмондўст аёл эканини билсак бўлади. Биз тез-тез Калом ўқиймиз, тинглаймиз, аммо ҳар доим ҳам Лидиядек иш тутмаймиз. Агар Худонинг бизга айтаётганларини чиндан эшитишни истасак, Худо бизга гапиради. Худони эшитиш ва тинлаш ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга ёрдам беришга тайёр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top