MP3

Нарратор 1 Ассалому алайкум. Ғалаба қилиш ва унинг нашитасини суриш кимга ҳам ёқмайди, дейсиз. Ҳаворий Павлус бу ҳақида шундай деган эди: «Наҳот билмасангизлар, мусобақа майдонида ҳаммаси чопади-ю, аммо бир киши мукофот олади. Сизлар ҳам шундай чопингки, мукофот олинглар!» (1 Кор 9:24). Ибронийлар китобининг муаллифи эса шундай дейди: «…тақдиримиздаги мусобақада сабр-тоқат билан чопайлик» (Ибр 12:1). Чиндан ҳам ҳаётимиз мусобақага ўхшайди. Биз билан беллашаётганлар бизнинг биродарларимиз. Баъзан шайтон ҳам биз билан бирга беллашиб қолади. У ҳам бизни ютмоқчи ва ғалабага эришмоқчи бўлади. Кўп ҳолларда буни уддалайди ҳам. Бироқ, бундай бўлмаслиги керак. Шайтоннинг ҳужум тактикаларини яхши билган Худо фарзанди унга алданиб қолмайди.

Нарратор 2 Шайтоннинг энг оддий ҳужум тактикасидан бири, инсонларни инсоний фикр қилишга ундашдир. Буни у осонлик билан эплайди. Чунки имонга келмасимиздан олдин, Худонинг фикрлари ҳақида билмасдик-да. Инсоний фикр қилиш одатимиз эди. Энди Худонинг фарзанди бўлгач, У каби фикрлашни ўргандик, аниқроғи ўрганаяпмиз. У бизни мўлжалдан адаштириш учун, ҳаётимиз мусобақасида Худо истаганидай чопмаслигимиз учун бизга инсоний фикрлар беради. Агар қийинчиликка дуч келсангиз, шайтон сизни инсоний фикр қилишга ундайди. Ичимиздаги Муқаддас Руҳ эса Худонинг фикрига бўйсунишга чорлайди. Агар қийинчиликлар кучимиздан ортиқ кўриниб кетса, шайтонга ютқазиб қўйиб, инсоний фикр қила бошлаймиз: «Нега, фақат мен. Нега Худо фақат менга шундай қийинчиликлар беради. Ана бошқаларда бундай қийинчилик йўқ. Демак Худо мени севмайди. У мени ташлаб қўйган».

Нарратор 1 Мана шундай фикрларни онгимизга сингдира олган шайтон севинчдан сакрайди. Аммо бошқача фикр қилсак-чи?! Қийинчиликка дуч келган пайтимизда: «Худо, ишончим комил-ки, шу қийинчилик орқали ҳам менга нимадир ўргатмоқчисан. Нимани ўргатмоқчисан, менга ўргат. Шу қийинчилик ичида мен билан биргасан биламан. Илтимос, менга ёрдам бер» — деганимиздаги шайтоннинг аҳволини тасаввур қила оласизми? Мана шунда биз шайтонни енгган бўламиз. Мана шунда биз ғалаба қилган, шайтон эса ютқазган бўлади. Ибронийлар китобининг муаллифи: «…тақдиримиздаги мусобақада сабр тоқат билан чопайлик», — деганида мана шуни назарда тутган бўлса керак. Ҳаёт қийинчиликсиз кечмаслигини яхши биласиз. Бошқалардан фарқимиз шуки, қийинчиликлар бошқалар учун шунчаки қийинчилик бўлса, биз учун бу Худони яхшироқ билиб олишимизга, кўпроқ Худонинг олдига келишимизга имкониятдир.

Нарратор 2 Шундай пайтда Худога боғлиқ бўлишни, У билан бирга яшашни ўрганамиз. Шу қийинчиликлар довонидан ошиб бўлгач, имонимиз кучаяди. Мана шу қийинчилик ичида Худо ишласа, Унинг бизга берган ёрдамини кўрсак, қанчалик маза қиламиз. Ана шундай пайтларда қийинчилик ҳам тотли кўринади. Шунинг учун шайтон ғалаба қилишига асло йўл қўйманг. Миянгизга инсоний фикрлар келганида, уларни улоқтириб, Худонинг иродасини изланг. Бу осон эмас, сизни тушунаман. Бироқ сабр-тоқат билан мана шу одатни ўзимизда ривожлантирсак, ҳаётимиздаги мусобақада ғолиб бўламиз. Худо иродасига кўра фикрлаш одатимизга айланиб қолади. Ғалаба нашидасини Худо билан бирга сурамиз. Қадрли тингловчи шайтоннинг ҳужум усуллари ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top