Нарратор 1 Ассалому алайкум. Худони билиш, севиш, ишониш ва ўзини ҳаётини Унга бағишлаш жуда машаққатли ва роҳатбахш жараён. Худога ишонадиган киши ҳар куни ўзи учун ўлиб, Худо учун яшайди. Унга хизмат қилишни шараф деб билади. Атрофимизда Худо учун хизмат қилаётган имонли оилалар кўплаб топилади. Уларнинг биргаликда хизмат қилиши ҳар иккисига ҳам жуда қулай бўлади. Ҳаётда ҳамфикр, ҳамнафас бўлган ва бир-бирини яхши тушунадиган турмуш ўртоқлар Худо йўлида самарали хизмат қиладилар. Муқаддас Каломни ўқисангиз, оилавий хизмат қилганлар ҳақида жуда кам ёзилганини кўрасиз. Одатда ҳаворийлар ва шогирдлар аёлларисиз бир ўзлари хизмат қилганлар. Тўғри, Исога хизмат қилган аёллар номи ҳам зикр этилган, бироқ айнан эр-хотин бўлиб хизмат қилганларни топиш осон эмас.
Нарратор 2 Масалан ҳаворий Петрни олайлик. У ва унинг хизматлари ҳақида кўп ёзилган, аммо оиласи ҳақида ёзилмаган. Юҳанно, Ëқуб, Барнабо, Павлуслар-чи? Уларнинг оилалари бўлмаганми? Тўғри баъзи ҳаворийлар уйланмасликни маъқул кўриб, бутун ҳаётларини Худога бағишлаганлар, аммо улар орасида оила қурганлар ҳам бўлган-ку. Лекин бу ҳақида ёзилмаган. Оилавий хизмат қилиш мумкинлигини Худо бизга бир оила мисолида ўргатади. Улар Акил ва Прискилла. Улар асли Понт вилоятидан бўлиб, тақдир тақозоси билан Римга бориб қолган эдилар. Эрамизнинг 41-54 йилларида Римда императорлик қилган Клавдий бутун яҳудийларга Римдан чиқиб кетишлари ҳақида фармон чиқарди. Шундай қилиб Акил билан Прискилла ҳам Италияни тарк этиб Коринфга келишди.
Нарратор 1 Акил билан Прискилла ҳам худди Павлус сингари чодир тикиб кун кўришарди. Павлус уларни Коринфда учратиб, ёқтириб қолди. Шундан сўнг биргаликда чодир тика бошлашди. Балки улар билан бирга тургандир ҳам. Бу иккиси Исо Масиҳга ишонган яҳудийлардан эдилар. Павел билан бирга ишлашар экан, Павелдан кўп нарса ўрганишган. Шундан сўнг ўзлари ҳам Исо Масиҳ хизматига астойдил киришиб кетдилар. Бу оила Павлус билан бирга Сурияга кетишди. У ердан эса Эфес шаҳрига ўтишди. Павлус ўз саёҳатини давом эттирди. Акил билан Прискилла эса Эфесдаги имонлиларга далда бериш ва уларни имонда руҳлантириш учун Эфесда қолишди. Уларнинг қандай ишлар қилгани ҳақида аниқ маълумотлар ёзилмаган. Фақат Ҳаворийлар китобида уларнинг номлари Павлус билан бирга зикр этилган.
Нарратор 2 Бундан келиб чиқадики, улар ҳам Павлус сингари Худо хизматига бел боғлаган оила бўлган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, инсонинг бир киши бўлиб хизмат қилиши унчалик осон бўлмайди, лекин икки киши, айниқса бир-бирини яхши тушунадиган турмуш ўртоқлар бўлса, Худо улар орқали буюк ишларни қилиши мумкин. Акил билан Прискилла ҳам мана шундай оилалардан бири эди. Улар Эфес шаҳрида Апполос деган кишини учратиб, Исо Масиҳ ҳақида кўпроқ ва яхшироқ тушунтириб беришди. Уни Ахая юртига жўнатаётиб, у ердаги биродарлари уни яхши кутиб олишлари учун хат ёзиб бердилар. Хуллас Апполос улар билан бирга экани чоғида, унга жуда яхши ғамхўрлик қилдилар. Бир оила биродарларга жуда яхши хизмат қилиши мумкин. Бири руҳий озуқа берса иккинчиси танавий озуқа беради. Шундай қилиб Худонинг хизмати тўлиқ бўлади. Бундай оилаларга фақат ҳавас қилса арзийди.