Нарратор 1 Ассалому алайкум. Баъзан ҳаётда бир ишни бошлаймиз-у, аммо атрофимизда қаршиликлар кўпайиб, уни охирига етказишга улгурмаймиз. Тарих давомида Худонинг Каломини тарғиб қилиш учун бошқа бегона мамлакатга бориб, ўз кучи меҳнати ва меҳрини сарфлаган кўплаб миссионерлар Худо Каломини айтишга улгурмай ҳалок бўлганлар, аниқроғи шаҳид бўлганлар. Шунга қарамай, Худо Ўз ишини давом эттирмоқда. Бугунги суҳбатимизда мана шундай қаттиқ меҳнат қилганлардан бири ҳақида маълумот оласиз. Роберт Томас Англиянинг бир шаҳарчасида тинчгина хотини билан ҳаёт кечираётган эди. Бир куни Худо унинг юрагига бошқа бир давлатга бориб, хушхабар етказиш ниятини солди. У ҳеч иккиланмай, аёлини олиб йўлга тушди. Улар Шанхайга етиб келишди.
Нарратор 2 Аммо афсуски қандайдир бир сабаб билан рафиқаси мана шу ерда Хитойда вафот этди. Ноилож Кореага бир ўзи жўнайдиган бўлди. У Кореага келган биринчи миссионер эди. Бироқ афсуски, бу давлатда бор йўғи бир неча ойгина яшади ҳолос. Етиб боргач, корейс тилини ўрганишни бошлади. У шу тилни яхшилаб ўрганиб, корейс миллатига Худо ҳақида сўзлаб бермоқчи эди. 1866 йилда Америка кемасига ўтириб Таедонг дарёсини сузиб ўтаётганида кема негадир соҳил яқинида бироз туриб қолди. Кореялик аскарлар бундан шубҳаланиб, кемага чиқишди ва чет элликларнинг ҳаммасини ўлдиришди. Улар орасида Томас ҳам бор эди. Томас кемага чиққан аскарларни кўриб, корейс тилида: «Исо, Исо Масиҳ», дея қўлидаги корейс тилида ёзилган Муқаддас Каломни силкитди. Аммо аскарлар унга парво ҳам қилмай, у томонга қилич яланғочлаб келишарди. Унинг калласини олишди.
Нарратор 1 Бу дарё ҳозирги шимолий Кореянинг пойтахти яқинида жойлашган. Афсус, у ўшанда эндигина корейс тилини ўрганаётган, корейс тилида Калом ўқишни бошлаган эди. Ҳали ҳеч бир инсонга Хушхабар айтиб улгурмаган Томаснинг ҳаётини бесамар кетди, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо ундай бўлмаган. Худо ҳар қандай муваффақиятсизлик орқали ҳам ишлаши мумкин. Шимолий Корея Худо Каломи учун эшикларини ёпилиб, Худонинг нажотидан бебаҳра қолишлари мумкин эди, чунки заминларига келган биринчи хушхабарчини ўз қўллари билан ўлдиришди. Аммо Худо учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Томаснинг ўлимидан 25 йил ўтиб, кимдир ўша атрофдаги кичкинагина меҳмонхона деворларидан корейс тилида ёзилган Муқаддас Калом саҳифаларини топибди. Меҳмонхона эгасининг айтишича, у бу китобни топиб олиб, меҳмонлар деворга чизиб ташламасликлари учун ўша китобнинг саҳифаларини йиртиб ёпиштирган экан.
Нарратор 2 Бу китоб саҳифаларида ёзилганларини ўзи ҳам у ерга келиб кетадиган меҳмонлар ҳам ўқишган экан. Бу китоб Томасни ўлдирган аскарлар қўлига тушиб, охири мехмонхона эгаси қўлига ўтган. Гарчи Шимолий Корея бошқа давлатлар учун ёпиқ давлат бўлса ҳам масиҳийлар жамоати бор. Бугун юздан ошиқ шимолий кореялик оилалар яширинча Худони улуғлашади. Уй деворларига ёпиштирилган Худонинг Каломи бугунги кунда шимолий кореялик кишилар юрагига кўчган. Томаснинг бу худудда уч ойлик оғир меҳнати бесамар кетгани йўқ. У бу саёҳатда хотинини ва ҳаётини йўқотган бўлса ҳам қоронғулик кучлари қаърига Худонинг ёруғлигини олиб киришга улгурганди. У ибодати билан Шимолий Корея кишилари ҳаётига кириб борганди. Бугун унинг қаттиқ ва самарали меҳнати меваларини ўша ҳудуддаги имонлиларнинг ҳаётида кўриш мумкин.