Narrator 1 «Ким Худоники бўлса, Худонинг сўзларини эшитади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун эшитмаётирсиз» (Юҳ 8:47).
Ассалому алайкум. Агар имонли сифатида Муқаддас Каломда ёзилган нарсаларнинг бари хақиқат бўлиши мумкин деб ишонсангиз, демак Худонинг Ўз халқига гапириши ҳам юз фоиз ҳақиқатдир. У азалда Эден боғида Одам Ато билан Момо Ҳавога гапирган. Ҳамма ҳалқларнинг отаси бўлган Иброҳимга гапирган. Худо Эски Аҳд давридаги ҳакамларга, шоҳларга ва пайғамбарларга гапирган. Худо Исо Масиҳ орқали Унинг шогирдларига, халққа гапирди. Худо Патмос оролида ҳаворий Юҳаннога гапирди ва унга ваҳий берди. Худо Ўз халқига гапиради, демак У сизга ҳам гапиради.
Narrator 2 Худо албатта гапиради, фақат бу фактнинг муаммоли томони бу Унинг гапиришини аниқ била олмаслигимизда. Агар Масиҳий киши Худонинг қачон гапиришини билмаса, бу унинг руҳий ҳаётида муаммо борлигини билдиради. Худо Муқаддас Руҳи орқали Ўзини, мақсадларини, йўлларини намоён қилади. Худо ҳар бир имонлига Ўзининг Каломи, имонлининг қилган ибодати, ҳаётида учрайдиган ҳолатлар, биродарлари орқали гапиради. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Худо қадимда бир неча марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали ота-боболаримизга гапирган эди. Охирги кунларда эса у бизга Ўз Ўғли орқали гапирди» (Ибр 1:1-2).
«Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У келажак ҳақида сизларга хабар қилади» (Юҳ 16:13-14).
Narrator 1 Худо Эски Аҳдда жуда кўп марталаб, турли тарзда гапирган. У фаришталар орқали, ваҳийлар орқали, тушлар, Урим ва Туммим орқали, пичирлаб, мўъжизавий белгилар ва бошқа нарсалар орқали гапирган. Худонинг инсонларга гапириши, Унинг қандай тарзда гапиришидан кўра муҳимроқ. Масалан, Мусога Худо ёнаётган бута ичидан туриб гапирган. Бошқа ҳеч кимга яна шу тарзда гапирмаган. Кўриниб турибдики, Худо ҳар бир шахсга гапирганида, унга ўзига ҳос усулда гапирган. Ҳеч кимнинг Худо билан мулоқоти бир-бириникига ўхшамайди. Худо биздан У билан шахсан гаплашишимизни, Унинг овозини ҳис қилишимизни, ҳаётимиз давомида Уни тажрибада билишимизни истайди. Асрлар давомида Худо инсонларга турли хил йўл билан гапирган бўлса-да, бир нарса ўзгармаган, У ҳали ҳам гапираяпти.
Narrator 2 У бугун ҳам сиз-у бизга гапиради. Қадимги Аҳдда Худо инсонларга гапирганида, ўша инсонлар айнан Худо гапираётганини ва нима деяётганини билганлар. Худо Мусога гапирганида, Мусо ўзи билан гаплашаётган Худо эканига шубҳа қилмаган. Мусо бошқаларга Худо билан гаплашганини исботлаб бера олармиди? Йўқ. Фақат Худо уларни ишонтириши мумкин эди. Шунинг учун ҳам У Мусога Ўз исмини айтди. Мўъжиза кўрсатиш қобилиятини берди. Баъзан Гидеонга ўхшаб, бизга чиндан ҳам Худо гапираётганига иккиланамиз. Шундай бўлса ҳам, Худо марҳаматли. У бизга Ўзини яна ҳам аниқроқ намоён қила олади. У бизнинг инсон эканлигимизни тушунади. Азиз тингловчи, Худо сизга қандай гапирган? Бу ҳақида бизга ўз фикрларингизни бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз орқали юборинг.