3:38

Худо ғамхўрлик қилади

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Атрофимизда жуда кўп кишилар Худонинг ҳақиқий ғамхўрлигини ҳис қилган, англаган ҳолда осойишта ҳаёт кечирадилар. Бундай ҳаёт кечириш осон эмас. Бунинг учун кучли ишонч ва сабр-тоқат керак бўлади.

Имонли бўлсак ҳам кўпинча, ўз кучимиз ва ақлимизга таяниб, турли хил номаъқул ишларни қилиб қўямиз. Худонинг иродасини билмаслигимиз, Унга қулоқ солмаслигимиз бизни ҳам оиламизни ҳам ташвишга солиб қўяди. Шундай ҳолатга бир оиланинг бошидан ўтганлари мисол бўла олади. Бу оилада икки ўғил ва бир қиз вояга етаётган эди. Турмуш ўртоқлар бир-бирини севиб турмуш қуришган, Худонинг инояти билан Нажотга эга бўлган оила эди. Оила бекаси ҳаётини Худога топширган, ҳар бир қадамини Унинг иродасига кўра босишга ҳаракат қиларди.

Narrator 2 Бироқ, оила бошлиғи, ишини, пул топиши кераклигини баҳона қилиб, Худога яқинлашишни, У билан муносабат қилишни ортга сурарди. Худонинг иродасини билмагач эса ўз билганича пул топишга ҳаракат қилди. Натижада оила катта қарзга ботиб қолди. Бу қарзни тўлай олмасликлари аниқ эди. Шундай бўлгач, оила бошлиғи пул ишлаб топиш учун узоқ шаҳарга йўл олди. Эр кетгач, қарзларини қистаб, кишилар кела бошлашди. Оила бекаси, минг ҳижолатчилик билан уларга пуллари қайтарилишини айтиб, жўнатарди. Оила бошлиғи пул топмади эмас, топди. Пул топиб, қарзларининг бир қисмини тўлади. Бироқ, ҳамма иш ҳам биз ўйлаганчалик бўлавермайди. Эр бегона шаҳарда касалликка чалиниб, вафот этди. Бу ҳақида оила аъзоларига маълум қилишди. Ташвиш устига ташвиш. Ҳали қарзларини узиб тугатмаган, бу ёқда уч фарзандни еб-ичириш, кийинтириш ташвишлари, яна қарзларини тўлаш муаммоси ҳал қилинмаган.

Narrator 1 Шунча ташвиш устига, уй бекаси яна қариндошларидан қарз олиб, эрининг ўлигини олиб келиш учун бегона шаҳарга кетди. Олиб келиб кўмишди. Энди ҳамма ташвишларни ҳал қилиш, қарзларни тўлаш аёлнинг зиммасида қолган эди. У бир ўзи ҳеч нарса қила олмасди. Шунинг учун ҳам эрини кўмган тунда Худога илтижо қилди. Кечаси билан, Худодан ёрдам сўраб ибодат қилди. Тонгга яқин Худо унга: «Яшаб турган уйингни сот» — деди. Бу жавоб чиндан ҳам Худоданми ёки ўзининг ҳаёлига келган фикрми билолмади. Шундай бўлса ҳам икки кун Каломдан бош кўтармай, Худонинг жавобини кутди. Иккинчи куни тунда Худо тушида, Иброҳим пайғамбарга айтганларини намоён қилди. «Ўз ерингдан, она юртингдан, отанг уйингдан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет!». Шундан сўнг аёл бу Худонинг жавоби эканига амин бўлди.

Narrator 2 Уйни сотиб, пойтахтга, опасининг ёнига келди. Худо бу оилани ташлаб қўймади. Аёл ишлади, болаларини боғчага, мактабга топширди. Бир муддат ижарада яшади. Ҳар куни бу оила Худонинг марҳаматини, иноятини ва севгисини ҳис қилди. Ҳар кунги ризқ рўзларини топиш ҳам улар учун катта шодлик эди. Худо уларни мўъжизавий тарзда таъминлаб турганини ҳис қилишарди. Йиллар ўтиб, Худо уларга уй ҳам берди. Фарзандлар улғайиб, Худога қаттиқ ишонадиган, Унга хизмат қиладиган бўлиб улғайишди. Қийинчиликларнинг бари ортда қолди. Улар қийинчиликлардан Худо билан бирга ўтишни ўрганишди. Бу сабоқ ҳар қандай бойликдан ҳам қимматроқ эди. Худо бу оилани ташлаб қўймади. Уларга ғамхўрлик қилди, ҳозир ҳам ғамхўрлик қилмоқда. Азизлар агар сиз ҳам ўз гувоҳликларингизни биз билан бўлишишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top