Narrator 1 Ассалому алайкум. Танамизнинг бир узви нимагадир муҳтож бўлса, бошқа узвлари унга ёрдам беради. Ичимизга кираётган озиқ овқатни танамиз тенг тақсимлаб, ҳамма узвлар ўзига керакли озуқани олади. Бирор жойимиз оғриса бошқа жойларимиз ҳам унга қўшилиб азоб чекади. Жамоат ҳам шундай. Кимдир ибодатга ва ёрдамга муҳтож бўлса, жамоатнинг бошқа аъзолари унинг учун ибодат қилади, қўлидан келганича ёрдам беради. Худо билан бирга бўлган ҳар бир имонли, Унга яқин бўлиш орқали, ўзининг ҳаётига ва жамоатнинг фаолиятига таалуқли буйруқларни Худодан олади. Масалан, дейлик жамоатдаги ҳамду-сано гуруҳини бошқарадиган бир киши керак. Жамоат Худодан бу ўринга кимни лойиқ кўришини сўраб, ибодат қилади. Ҳамма ибодат қилади.
Narrator 2 Худо уларга кимни кўрсатса, у одам, мусиқадан хабари борми, йўқми, қобилияти борми йўқми демасдан, Худо айтган ва кўрсатган имонлини ўша гуруҳга бош қилиб қўйиш мумкин. Худо бизни Ўз хизматига қўяр экан, кўп ҳолларда бизнинг қобилиятларимизга эмас, Ўзининг қудратига қараб иш кўради. Ўша одам илгари бирор бир гуруҳга бош бўлмаган бўлса ҳам, Худо Ўзининг қудрати ва инояти билан, бу одамда раҳбарлик сифатини шакллантиради. Бу эса жамоат ичида Худонинг улуғланишига сабаб бўлади. Муҳими раҳбар бўлаётган одам, Худога садоқатли, унинг ҳар бир ишига жон деб рози бўладиган, Худога қайноқ юрак билан хизмат қиладиган киши бўлиши керак. Тасаввур қилинг, бироз муддат ўтиб, Худо жамоат аъзоларига ҳамду-сано гуруҳига раҳбарлик қилаётган одамни, жамоат оқсоқоли этиб тайинлашни билдирди. Хўш, бошқа аъзолар бунга қандай муносабатда бўлишади.
Narrator 1 Агар Худо бир ёки уч-тўрт одамга Ўз иродасини билдирса-ю, улар инсоний фикрлашидан келиб, чиқиб, «Бу бўлиши мумкин эмас», деб Худо айтганини бошқаларга билдирмаса, жамоат таназзулга юз тутади. Жамоатнинг ҳар бир аъзоси Худодан нимани ҳис қилаётган бўлса, ёки нимани эшитган бўлса, буни жамоатга хабар қилиши керак. Бугунги кунда жамоатга боғлиқ бўлмаган имонлиларнинг сон-саноғи йўқ. Жамоат улар учун ҳеч нарсани англатмай қўйган. Улар «Жамоатдан ташқарида ҳам ўзимни яхши ҳис қиламан», деб ўйлашади. Бироқ ҳеч бир имонли жамоатдан ажралган ҳолда Худо билан муносабатда бўлиш учун Унинг иродасини тўлиқ била олмайди. Кўзсиз, қўл нимани ушлашни билмайди. Қулоқсиз тана, қандай жавоб беришни билмайди. Ҳар бир аъзо бошқа аъзолар нима деяётганини эшитиши керак. Худода гуллаб-яшнашим учун, бошқаларга боғлиқман. Худонинг иродасини билишим, тушунишим учун жамоатдаги аъзоларга боғлиқман.
Narrator 2 Худо менга Калом ёки ҳолатлар орқали ҳам гапираверади деб ўйласангиз адашасиз. Тўғри Худо кўпинча Калом орқали гапиради. Баъзан эса ҳаётимизда бўлаётган ҳолатлар орқали биздан, нима исташини маълум қилади. Аммо Худо жамоат орқали, жамоатнинг бошқа аъзолари орқали ҳам гапиришини унутманг. Худо сизга жамоатнинг бошқа аъзолари орқали гапиришни истаса, Унга қарши чиқа оласизми? «Йўқ, менга Каломинг орқали гапир, ёки бўлмаса ҳаётимдаги ҳолатлар орқали гапир» — дея оласизми? Ундай эмас. Шунинг учун ҳар бир имонли жамоатга боғланган бўлиши, одатдаги йиғилишларни қолдирмаслиги керак. Худога тўлиқ итоат қилишни истаган имонли, ўзини жамоат билан боғласин.