Narrator 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломда Ўнисим деган исмни бир – икки жойда учратишимиз мумкин. Бу инсон ким эди? Қандай инсон эди? Келинг, бугун Ўнисим ҳикоясини тинглаймиз. Қадимги Ахд даврида ўзига тўқ кишиларнинг, ер эгаларининг қул сақлаши оддий ҳол бўлган. Бу одат Янги аҳд даврида ҳам сақланиб қолган эди. Исо Масиҳ инсонларнинг бир-бирига яхши муносабатда бўлишларини буюрган: «Одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг. Таврот ва пайғамбарлар таълимотининг мағзи шундадир» (Мат 7:12). Муқаддас Руҳдан руҳланган ҳаворий Павлус ҳам Эфесликларга ёзган мактубида хўжайинлар ва қулларнинг бир-бирига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини уқтирган: «Эй қуллар, дунёвий хўжайинларингизга Масиҳга итоат қилганингиздек, камоли эҳтиром ва соддадиллик билан итоат қилинглар.
Narrator 2 Инсонларнинг кўнглини топай, деб хўжакўрсинга хизмат қилган кишилар каби эмас, балки Масиҳнинг қуллари каби Худонинг иродасини чин кўнгилдан бажо келтиринглар. Инсонларга эмас, балки Раббингизга хизмат қилаётгандек, бажону дил хизмат қилинглар.» Ҳаворий Павлус хизмати давомида жуда кўп қулларнинг имонга келганини кўрган. Шундай қуллардан бири Ўнисим эди. Ўнисим ўз хўжайини Филимўнни тунаб Римга қочиб кетган. Павлус ўша пайтда қамоқда эди. Уларнинг озодликда учрашишлари сира мумкин эмас эди. Шунга кўра, Ўнисим Римга борганидан кейин ҳам ўғриликни ташламаган, шунинг натижасида қамоққа тушган бўлса керак. Биз Павлус ва Ўнисимни қамоқда учрашган, деб тахмин қилишимиз мумкин.
Narrator 1 Римда ҳаворий Павлусни учратиб, ундан абадий ҳаёт ва Исо Масиҳнинг нажоти ҳақида эшитади. Ҳаворий Павлус унинг тўғри йўлни танлаб, имонга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Павлус ўзининг Филимўнга ёзган мактубида Ўнисимни: «Мен маҳбуслигимда кўрган ўғлим», — деб атайди. У имонга келгач, чиндан ҳам ўзгарганини Павлуснинг у ҳақида айтганларидан билиб олишимиз мумкин: «Бунинг ўрнига мен, мўйсафид Павел, энди Исо Масиҳ учун банди, меҳрибонлик билан сендан илтимос қиламан. Мен маҳбуслигимда кўрган ўғлим Ўнисим ҳақида сендан илтимос қилмоқчиман. Ўнисим бир вақтлар сенга фойдасиз эди, энди эса сенга ҳам, менга ҳам фойдалидир. Мен уни сенга қайтариб юборяпман. Уни, яъни ўзимнинг жон-дилимни яхши қабул қил! Мен Инжил учун қамоқда ётибман, шунинг учун Ўнисимни ўз олдимда олиб қолиб, сенинг ўрнингда менга хизмат қилишини истар эдим.
Narrator 2 Аммо сенинг розилигингсиз ҳеч бир иш қилишни хоҳламадим….Сен энди уни қул каби эмас, балки қулдан юқори, севикли ука сифатида қабул қил. Мен уни жуда яхши кўраман. Сен эса уни одам боласи сифатида, ҳам Раббимизнинг боласи сифатида яна кўпроқ севишинг шубҳасиз.» Ўнисимда Павлусга ёқадиган, уни яхши кўришга мажбур қилган нимаси бор эди? У имонга келгач, чиндан эски ишларидан тавба қилган, қилган ишларидан афсусланган ва астойдил Раббимизга хизмат қилишга киришгани аниқ. Унинг садоқат ва қайноқ юрак билан Худовандга интилиши Павлусга жуда ёққан. Бироқ у ҳали ҳам қул эди. Шунинг учун ҳам уни ўз хўжайини Филимўн олдига юбораётиб, Павлус Филимўнга Ўнисимга яхши муносбатда бўлишини илтимос қилади. Ўнисим энди аввалги Ўнисим эмас эди. У Исо Масиҳда янги Ўнисимга айланганди.