Narrator 1 «Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилар эди. Улар ўз Эгаси Худони эсларидан чиқариб, Баал ва Ашеранинг тасвирларига сиғинишар эди» (Ҳак 3:7)
Ассалому алайкум. Ҳар сафар ёмон иш қилиб, кейин кечирим сўрайдиган, бироқ яна ўша ёмон ишини қиладиган фарзандга чидаш мумкинми? Бундай фарзандни тарбиялаш, унга чидаш ва уни севиш осон эмас. Тасаввур қилинг, Исроил халқи ҳам шундай бўлган. Худо уларни Ўзи билан муносабатга кириша олишлари учун уларга Ўзининг амрларини, истакларини етказиш учун халққа ҳакамларни берган. Бироқ ҳакамлар оламдан ўтгач, улар яна аввалги гуноҳ ишларига қўл урганлар. Ҳар сафар уларни бошқариб турадиган, доимо уларга Худони эслатиб турадиган, қўлларидан етаклаб тўғри йўлга бошлайдиган кимдир керак бўлган. Шунча йил Худо билан муносабат қилган бўлсалар ҳам Худонинг хоҳиши нималигини, Худонинг йўлида қандай юришни билиб ололмаганлар.
Narrator 2 Шунинг учун ҳам Худованд ҳар сафар уларга ҳакамларни берган. Шундай ҳакамлардан бирининг исми Ўтниёл эди. У ким ва қандай одам бўлган? Каломда у ҳақида шундай ёзилган: Халқнинг гуноҳларидан «ғазабланган Эгамиз уларни Орам-нахрайим шоҳи Кушонриштамга тобе қилиб қўйди. Улар саккиз йил давомида Кушонриштамнинг хизматида бўлишди. Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилгач, Эгамиз уларга қутқарувчи қилиб Ўтниёлни юборди. Ўтниёл Холибнинг жияни, аниқроғи кенжа укаси Ханазнинг ўғли эди. Эгамизнинг руҳи Ўтниёлни қамраб олди. Ўтниёл Исроил халқига ҳакам бўлди. Ўтниёл Месопотамия шоҳи Кушонриштамга қарши жанг қилиб, уни енгди чунки Эгамиз шоҳни унинг қўлига берган эди» (Ҳак 3:8-10).
Narrator 1 Ëшуа билан айғоқчиликка борган Холиб эсингиздами? У ҳам Худога чин дилдан ишонган, Худо берган ваъдасини бажаради, деб ишонган инсонлардан бири эди. У Худонинг қудрати билан ўша халқни енгишларига чиндан ишонган эди. Энди Исроилга ҳакам бўлган Ўтниёл ўша Холибнинг қариндоши бўлиб чиқди. Бу оила аъзолари Худога умид қилган, доимо Худога содиқ қолган Исроилликлардан бўлган. Худо ҳеч бир инсонни бекорга танламайди. Халқни тўғри йўлга бошлайдиган ҳакамлар жуда кўп бўлган. Улар орасига Худо Ўтниёлни ҳам қўшди. Каломда ёзилишича, Худонинг Руҳи Ўтниёлни қамраб олган. Агар Муқаддас Руҳ қалбимизни, танамизни тўлдирса, Худонинг биздан нима истаётганини аниқ билиб оламиз, чунки Муқаддас Руҳ буни бизга билдиради. Ўтниёл ҳам халқни Месопотамия шоҳи зулмидан қутқариш учун уни ҳакам қилиб тайинлаганига ишончи комил эди.
Narrator 2 Шу ишонч билан Худога умид қилиб, жангга киришди. Каломда унинг Худо билан муносабати ҳақида кўп ёзилмаган, аммо бир нарса аниқки, у Худонинг қудратига, у орқали ишламоқчи эканига ва ваъдаларига ишонган. Ўзини Худонинг қўлига ва хизматига бутунлай топширган. Худо нима деса, ҳеч иккиланмай бажарган. Биласиз, баъзан Худо бизнинг қўлимиздан келмайдиган, аммо Ўзи қила оладиган ишларни буюради. Шундай пайтда кимга қарашимиз ва ишончимиз катта аҳамиятга эга. Агар Худога қарасак, Худонинг ўзи биз орқали шу ишларни қилади. Ўзимизнинг имкониятимизга қарасак, Худога рад жавобини бериб, итоатсизлик қиламиз. Билишимизча, Ўтниёл Худога қараган ва ўзини Унга топширган. Шунинг учун ҳам улар ғалаба қозонишди. Ўтниёл эса қирқ йил ҳакамлик қилиб, осойишта оламдан ўтди.