Narrator 1 Ассалому алайкум. Худованд Ўзининг режасини амалга оширишда бир неча одамлардан фойдаланиши, улар орқали Ўз иродасини бажариши мумкин. Худо Довуд пайғамбарни шоҳ қилиб танлади. Аммо Довуднинг ўз хатоси туфайли ўғли Абсалом отасига қарши чиқди. Довуд Абсаломдан қочиб юрар экан, Худованд Довудни ташлаб қўймади. У Борзулай каби кишилар орқали Довудга ёрдам берди. Бугун Борзулайнинг қандай одам бўлгани ҳақида гаплашамиз.
Борзулай Гиладлик бўлиб, анча бой-бадавлат киши эди. Довуд Абсаломдан қочиб юрган кезларда Борзулай Довуд ва унинг одамларига иззат икром кўрсатди. У анча қариб қолганига қарамай, Довуднинг Иордан дарёсини кечиб ўтишида ёрдам берди. Уни кузатиб қўйди. У Гиладнинг Рўғолим деган жойидан келган эди. У Довудга Иордан дарёсини кечиб ўтишда ёрдам берганида саксон ёшда эди.
Narrator 2 Шоҳ унинг бу ёрдамидан мамнун бўлди ва унга: «Мен билан юринг, энди Қуддусда мен сизнинг тирикчилигингизни таъминлайман, — деди. Лекин Борзулай: — Қанча умрим қолдики сиз билан Қуддусга кетсам? – деди. Мен қулингиз ҳозир саксон ёшдаман. Бундан бу ёғига нима ёқади, нима ёқмайди – ажрата билмасам, еб-ичганимнинг таъмини сеза олмасам. Шундай экан, нимага шоҳ ҳазратларига юк бўлайин? Мен, қулингиз Иордан дарёсини шоҳ билан бирга кечиб, сизга бир оз ҳамроҳ бўламан, ҳолос. Шоҳ нима учун менга шу қадар илтифот кўрсатиши керак? Ижозат берсангиз, мен орқамга қайтайин, ўз шаҳримда – ота-онамнинг хилхонасида жон берайин…. Шундан сўнг шоҳ билан барча одамлар Иордан дарёсини кечиб ўтдилар. Шоҳ Борзулайни ўпиб, дуо қилди. Борзулай ўз юртига қайтиб кетди.»
Narrator 1 Бу парчадан Борзулайнинг анча камтар, Худони севадиган инсон бўлганини билишимиз мумкин. У Худо танлаган шоҳга қийин дамларда ўз уйидан жой берди. Уни ва одамларни боқди, керак пайтда ўз қулларини ҳам Довуднинг ҳизматига шай қилиб қўйди. Ва ниҳоят Қуддусга қайтиб кетаётганида Довудга ҳурмат кўрсатиб, уни Иордан дарёсини кечиб ўтишида ҳам ёрдам берди. У бой одам бўлгани учун ишончимиз комилки, бойлигини, хизматкорларини, кучини, хуллас ўзида борини Худонинг йўлида қурбон қилди.
Биз Борзулайдан Худонинг ишида ўз ҳиссамизни қўшишни, Худонинг фарзандларига қўлимиздан келганича ёрдам беришни ўрганишимиз мумкин. Борзулай бу йўлда пулини, кучини ва қўлида борини Худодан аямади. У ўша пайтда Довудга ва унинг аскарларига деб эмас, бу ишни Худо учун қилаётгандай қилди. Бунинг эвазига Худованд Довуд орқали уни дуо қилди ва марҳаматлади.
Narrator 2 Довуд кексайиб, оламдан ўтишига озгина қолганида ҳам, Борзулай ва унинг хонадонини унутмади. У ўғли Сулаймонга шундай деди: «Гиладлик Борзулайнинг ўғилларига садоқатли бўл. Улар сенинг дастурхонингдан таом ейдиганлар орасида бўлсин. Чунки мен аканг Абсаломдан қочиб юрганимда улар менинг олдимда ҳозиру нозир бўлишди.»(3Шоҳ 2:7).
Бизнинг Худо йўлида ва Худо фарзандлари учун қиладиган кичик меҳнатимиз ҳам самарасиз қолмайди. Шунинг учун Борзулай каби Худованд берган бойликдан, куч-қувватдан Худо йўлида фойдаланишимиз энг тўғри иш бўлади. Азизлар Худо йўлида хизмат қилган инсонлар ҳақида маълумотлар олиб, уларнинг ҳаётидан хулоса чиқаришни истасангиз, бизнинг www.najot.com va dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг.